November 25, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Мутахассислар Беларус Республикаси компаниясида Метрология ва автоматлаштириш бўйича тажриба алмашиб қайтишди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан нефть-кимё саноатини бошқариш тизимларини ўрганиш ва конларни рақамлаштириш, технологик жараёнларни диспетчерлар томонидан амалга ошириладиган назоратни марказлаштириш бўйича “SCADA” тизимини ишлаб чиқишда хориж тажрибаси ўрганилмоқда.

Халқаро тажрибаларни ўрганиш орқали жараёнларни бошқариш тизимлари учун дастурий-аппарат комплексларини ишлаб чиқишни Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш кўзланган.

Ушбу мақсадда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзлитинефтгаз” АЖ нинг бир гуруҳ мутахассислари Беларус Республикасидаги “Поинт” МЧЖга ташриф буюришди.

Маълумот учун таъкидлаш жоизки, “Поинт” компанияси ҳарорат, босим ва бошқа технологик параметрларни ўлчаш, назорат қилиш ва тартибга солишга мўлжалланган бирламчи датчиклар ва иккиламчи электрон рақамли қурилмалар, шунингдек, технологик объектларда бирламчи трансдусерларни ўрнатиш учун аксессуарлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Шунингдек, компания метрологик ускуналарни лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш бўйича ўзининг замонавий ишлаб чиқариш майдонларига эга. Унинг сифат менежменти тизими “ISO 9001” стандартига мувофиқлик сертификатини қўлга киритган.

Ушбу компания ишлаб чиқариш технологиясига қатъий риоя қилиш ва ўлчаш асбоблари, уларни ўрнатиш учун лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш сифатини доимий назорат қилиб боради. Бу борада муҳандислик ва технологик ишлаб чиқариш, машинасозликда муҳандислик, металл буюмларни қайта ишлашни амалга оширишда маҳсулот сифати, чидамлилиги ва хавфсизлигини доимий равишда яхшилаш сиёсати йўлга қўйилганлиги алоҳида эътиборга молик.

Унинг маҳсулотлари Беларус Республикаси, Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон давлат реестрига киритилган.

Мутахассислар ташриф дастурига кўра, компаниянинг кенг турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун мослашувчан ишлаб чиқариш базасида ҳам бўлишди.

Бугунги кунда Белорус компанияси “Ўзбекистон метрология институти” давлат корхонаси томонидан берилган ПИ-001 ўлчов ўтказгичлари, ТП-Б электр иссиқлик ўтказгичлари ва ТС-Б қаршилик иссиқлик ўтказгичлари учун тасдиқланган турдаги ўлчов воситаларини тан олганлик сертификатларига эга.

Корхонада ўзининг аккредитацияланган калибрлаш лабораторияси мавжуд бўлиб, у 250 МПа гача бўлган ортиқча босимни ўлчаш асбоблари (ГОСТ 8.017) ва ҳароратни ўлчаш асбоблари (ГОСТ 8.558) учун калибрлаш мажмуалари билан жиҳозланган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари калибрлаш лабораторияси биноларида бўлиб, унинг асосида асбобларга кафолатли ва кафолатдан кейинги техник хизмат кўрсатиш, шунингдек, ўлчаш воситаларини таъмирлаш ва ортиқча босим ва ҳароратни текшириш ишларида иштирок этишди.

Ташриф якунида икки компания мутахассислари ўртасида ўзаро фикр алмашиш мақсадида давра суҳбати ўтказилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|