July 15, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Табиий газни олтингугурт бирикмаларидан тозалаш қурилмаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларнинг ишлаб чиқариш қувватини тиклаш ҳамда табиий газни қайта ишлаш заводлардаги қурилмаларда амалга ошириладиган режали таъмирлаш ишларини сифатли ва ўз вақтида ишга тушириш борасида бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Ушбу тадбирлар доирасида Муборак газни қайта ишлаш заводидаги 4-, ва 14-цехларнинг табиий газни олтингугурт бирикмаларидан тозаловчи 17-, ва 25-сонли қурилмалари огоҳлантирилган режали тўла таъмирлаш учун тўхтатилиб, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Таъмирлаш ишларини режалаштиришда “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани”га қарашли конларда айни пайтда таъмирлаш ишлари бажарилаётгани эвазига умумий газ сарфини қисқартирганлиги инобатга олинди.

Қурилмада таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун барча моддий-техник ресурслар ва эхтиёт қисмлар тайёр ҳолатга келтирилган. Қурилманинг сифатли таъмирлаш натижасида куз-қиш мавсумида тўхтовсиз барқарор ишлаши ва белгиланган режа кўрсатгичларининг ўз вақтида бажарилишига эришилади.

Цехлардаги табиий газни олтингугурт бирикмаларидан тозаловчи қурилмалар таъмирлашга тўхтатилган даврда Муборак газни қайта ишлаш заводидаги газни қайта ишлаш қурилмаларининг иш режимларини оптималлаштирилди. Натижада қайта ишлаш жараёнига узатилаётган умумий газ хажми қисқартирилиши олди олинди.

Айни пайтда Углеводородларни қазиб чиқариш департаменти ва завод мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан қурилмаларда барқарор ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва кўрсаткичларни бажарилишини таъминлаш учун режали таъмирлаш ишлари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Маълумот учун: Муборак газни қайта ишлаш заводи, Қашқадарё вилояти, Муборак тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, 1973 йилда ишга туширилган. 4-, ва 14-цехларнинг табиий газни олтингугурт бирикмаларидан тозаловчи 17-сонли қурилмаси эса 1991 йил, 25-сонли қурилмаси эса 2017 йил ишга туширилган бўлиб, газни олтингугурт бирикмаларидан тозалашга мўлжалланган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|