February 10

“Урга” сиқув компрессор станцияда таъмирлаш ишлари бажарилди

O‘zbekcha Ruscha

Аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида табиий газ қазиб чиқариш технологик объектларининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Улар доирасида Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси “Урга” сиқув компрессор станциясининг 100-сонли газ ҳайдаш агрегатида ишлатилиб келинаётган “Waukesha” 12V275GL русумли газпоршенли двигателни таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Қайта тиклаш-таъмирлаш ишларини ўтказиш жараёнида газпоршенли двигателнинг тирсакли вали, мой сақлаш картерлари, маховик ва демпферлар ўрнатилиш жойлари тўлиқ кўздан кечирилди. Бир қанча турдаги зичлагичлар алмаштирилди, форкамера, свеча ва барча фильтрлари алмаштирилди. Таъмирлаш жараёнида техник жиҳатдан мураккаб бўлган ҳисоблашлар ўтказилиб, созлаш ишлари олиб борилди.

Натижада газ ҳайдаш агрегатининг узлуксиз, бир меъёрда ишлаши таъминланиши ҳамда табиий газ қазиб олиш ҳажми қисқаришининг олдини олишга эришилди.

Шунингдек регламент ишларини бажариш ва агрегат фавқулотда аварияли ҳолатда тўхтаб қолган вақтда газ қисқаришини олдини олиш мақсадида қисқа муддатда ишга қўшиб юбориш учун захира агрегати билан таъминланди.

“Урга” сиқув компрессор станциясида 1-,2-,3- ва 4-сонли газ ҳайдаш агрегатлар ҳар бирининг қуввати кунига 470 минг кубометрни ташкил этади. Шунингдек ушбу станциянинг асосий вазифаси “Урга” конидан келаётган табиий газни самарали қазиб олинишига эришиш, паст босимли қудуқлардан келаётган табиий газ босимини ошириб, газни комплекс тайёрлаш қурилмасига барқарор ҳайдаш ва истемолчиларга етказиб беришдан иборатдир.

Маълумот учун: “Урга” сиқув компрессор станцияси Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган. Станцияда 4 дона газ ҳайдаш агрегати мавжуд бўлиб, йилида 0,5 млрд куб метр табиий газни ҳайдаб бериш қувватига эга. Станция 2014 йилда ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook