“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида 2022 йилнинг январь-август ойлари прогноз кўрсаткичлари ижроси ва йиллик устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев раислигида Бошқарув раиси ўринбосарлари, департамент раҳбарлари иштирокида 2022 йилнинг қолган даври мобайнида кутилаётган натижалар, белгиланган режа кўрсаткичларини амалга ошириш, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини оширишга доир йиғилиш бўлиб ўтди.
Бошқарув раиси йиғилиш аввалида“Ўзбекнефтгаз” жамияти олдида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш вазифаси турганини шу сабабли, энг аввало геология-қидирув, бурғилаш ишларини тўғри ташкил қилиш ва бу борадаги вазифаларни белгиланган муддатларда якунлаш бўйича топшириқлар берди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2022 йил январь-август ойлари якуни билан прогноз кўрсаткичлари ижроси таҳлил қилинди. Таҳлил натижасига кўра ҳисобот даврида асосий кўрсаткичлар қуйидагича кўриниш олгани маълум қилинди:
Товар маҳсулоти ҳажми 19,1 трлн сўмни ташкил этди (мос равишда прогнозга нисбатан 101,7%; ўсиш суръати 102,9%), углеводородларни қазиб чиқариш бўйича эса 21,8 млрд куб метр табиий газ, (97,7%), 955,0 минг тонна газ конденсати (104,8%), 66,6 минг тонна нефть (110,8%) қазиб чиқарилди.
Нефть ва газ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича эса:
- 631,3 минг тонна автобензин (109,5%);
- 222,5 минг тонна дизель ёнилғиси (122,7%);
- 71,8 минг тонна авиакеросин (124,7%);
- 454,8 минг тонна суюлтирилган газ (109,7%);
- 85,1 минг тонна полиэтилен (98,2%) ишлаб чиқарилди.
Углеводород ресурсларини қазиб чиқариш ва нефть-газ маҳсулотларини ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичларини таъминлаш, зарур миқдорларда нефть маҳсулотлари захираларини яратиш бўйича ҳар бир департамент бошлиқларига алоҳида вазифа белгилаб берилди.
Ўз ўрнида Жамиятнинг ташқи иқтисодий фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Ташқи иқтисодий фаолият бўйича, жумладан экспорт ҳажми 474,7 млн долларни ташкил этди (157,1%), 450,9 млн доллар ҳажмида инвестициялар ўзлаштирилди (105,7%), маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1 423,5 млрд сўм ҳажмида маҳсулот ишлаб чиқарилди ҳамда импортни қисқартириш 178,1 млн долларни ташкил этди (137,4%).
Амалга оширилаётган трансформация жараёнлари алоҳида муҳокама қилинди ва бу борадаги ишларни миллий йўналишда давом эттириш, ишлаб чиқариш жараёнларини кенгайтириш борасида вазифалар белгиланди. Йиғилиш кун тартибида кўриб чиқилган кадрлар масаласи муҳокамасида жойлардаги раҳбарларнинг ўз вазифасига бўлган масъулиятига урғу берилди. Бошқарув раиси томонидан раҳбарлар-ходимларнинг дунёқарашини ўзгартириши бўйича топшириқлар берилди.
Бошқарув раиси тизим ташкилотлари томонидан жойларда ишни ташкил этиш жараёнига масъулиятсизлик, топшириқларга нисбатан совуққонлик билан ёндашиш кузатилаётганлигини, шунингдек, мутахассислар томонидан лавозим йўриқномасида белгиланган вазифа ва мажбуриятларни бажармаслик ҳоллари учраётганини кескин танқид қилди.
Ўз навбатида, нефть ва газ маҳсулотларини ишлаб чиқариш, экспорт, инвестицияларни ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импортни қисқартириш, маҳсулот таннархини қисқартириш, дебитор ва кредитор қарздорлик, солиқ тўловлари масалалари ҳам ҳар бир ой кесимида таҳлил қилинди.
Йиғилишда асосий масала табиий газ қазиб чиқариш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, саккиз ойлик якунлар, йил охирига қадар белгиланган вазифаларнинг бажарилиш ҳолати муҳокама этилди.
Республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолисини нефть маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, шу жумладан, агротехник тадбирлар талаб этиладиган дизель ёнилғисини етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди.
Умуман олганда, прогноз кўрсаткичлари ижроси ҳолати нисбатан ижобий бўлсада, ҳисобот даврида бир қанча имкониятлар бой берилди, қатор камчиликларга йўл қўйилди, – деди Бошқарув раиси.
Шу ўринда, геология қидирув-разведка, бурғилаш, капитал таъмирлаш ишларини мунтазам давом эттириш ва энг аввало шу йўналларни молиялаштириш бўйича тегишли масъулларга топшириқлар берилди.
Ушбу ишларни амалга ошириш жараёнида харидлар масаласини тўғри ташкил қилиш, зарур техник воситалар захирасини яратиш ва уни янгилаб бориш зарур эканлиги айтиб ўтилди.
Бошқарув раиси Молиявий комплаенс назорат департаменти раҳбарига ноқонуний хатти-ҳаракатларига барҳам бериш борасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги билан ҳамкорликда белгилаб олинган вазифаларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича қатъий топшириқ берди.
Бундан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари, илмий бирлашмалар ва хорижий ҳамкорларни “Ўзбекнефтгаз” АЖ бурғилаш, қазиб чиқариш ва газни қайта ишлаш корхоналарининг 2022-2023 йиллар учун эҳтиёжлари тақдимотини 2022 йилнинг 19 сентябрь куни Муборак нефт-газ қазиб чиқариш бошқармаси “Зеварда” конида ўтказиш ҳамда тақдимот давомида ишлаб чиқилган аниқ таклифлар асосида шартномалар, меморандумлар ҳамда саноат маҳсулотларини тажриба-синовларидан ўтказиш бўйича “йўл хариталари” имзоланиши бўйича топшириқлар берилди.
Ушбу тадбирда ОАВ ва блогерлар иштирокини таъминлаш, тадбир ёритилишини ташкиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|