Корхоналардаги саноат хавфсизлиги ўрганилди
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Uzbekistan GTL” МЧЖ ҳамда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда бўлиб, саноат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Дастлаб ишчи гуруҳ аъзолари “Uzbekistan GTL” заводида ўтказилган тактик ўқув-машғулотларни кузатдилар. Машғулотлар жараёнида ишлаб чиқариш хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва авария ҳолатларида ҳаракатланиш тартиби, ҳамкорликдаги тезкор чоралар кўриш бўйича тажрибалар ўрганилди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда бўлиб, мажмуанинг технологик ҳудуди, ишлаб чиқариш салоҳияти ҳамда мавжуд хавфсизлик инфратузилмаси билан танишдилар.
Меҳмонларга киберхавфсизликни таъминлаш, ахборот тизимларининг ҳимоя даражасини ошириш ҳамда рақамли хавфсизликни кучайтириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, улар яқинда модернизация қилинган автоматик бошқарув тизими, жорий этилган рақамлаштириш ечимлари ва жаҳон стандартларига жавоб берадиган замонавий лабораторияни кўздан кечирдилар.
Ташриф якунида ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқариш хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, техноген хавф омилларини камайтириш, хавфсизлик маданиятини ошириш ҳамда замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди.