January 24, 2023

"Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан 2023 йилда 744 та геологик-техник чора-тадбирлар амалга ошириш ҳамда бунинг эвазига 32,8 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқариш режалаштирилди

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқларига асосан жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини 32,8 млрд куб метрга етказиш топшириғи белгиланди.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш учун, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида акциядорлик жамияти тасарруфидаги углеводород конларини самарали ва мақсадли ишлатиш, улардан табиий газ ва суюқ углеводород хом ашёси қазиб чиқаришни ошириш ҳамда мавжуд қудуқларнинг бир маромда ишлатилишини таъминлаш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

Ушбу тадбирлар доирасида  дунёнинг етакчи нефть сервис компанияси “Schlumberger” билан бирганликда жаҳон тажрибаси асосида 2023 йил учун умумий қиймати 5,7 трлн сўмга тенг бўлган 744 та геологик-техник чора-тадбирларни ўз ичига олган “Макро инвест дастур” ишлаб чиқилди.

Унга асосан жами 111 та янги қудуқни бурғилаш, 608 та қудуқда капитал таъмир ҳамда интенсификация ишлари ва 25 та технологик объектни (сиқув компрессор станциялари, газни дастлабки тайёрлаш қурилмалари, кичик компрессор қурилмалари, газ етказиб бериш қувурлари) қуриб ишга тушириш режалаштирилган.

Жумладан:

- Бухоро-Хива ва Фарғона нефтгазли минтақаларидаги 4000 метргача бўлган чуқурликларда жойлашган неоген, палеоген, бўр ва юра даври ётқизиқларидан углеводород хомашёсини қазиб олиш учун жами 83 та янги қудуқларни бурғилаш, 541 та қудуқларда капитал таъмирлаш ҳамда интенсификация ишлари ва 20 та технологик объектлар; 

- Устюрт нефтгазли минтақасидаги чуқур юра даври ётқизиқларида жойлашган углеводород хомашёсини қазиб олиш учун жами 28 та янги қудуқларни бурғилаш, 67 та қудуқларда мураккаб турдаги капитал таъмирлаш ҳамда интенсификация ишлари ва 5 та технологик объектлар қуриб ишга туширилади.

Конларда газ қазиб чиқариш барқарорлигини таъминлаш ҳамда газ захираларини максимал даражада ўзлаштириш мақсадида 10 та сиқув компрессор станцияларини қуриб ишга тушириш ("Жанубий Тандирча"да конида катта компрессор ва "Гирсан", "Чулқувур", "Янгиказган" конларида кичик устки компрессор станциялари ҳамда "Шўртан" конида 6 та объектда кичик устки компрессор станциялари) режалаштирилган.

"Кукдумалоқ" ва "Зеварда" конларидаги газ сиқув компрессор станцияларида модернизация ишларини бажариш ва СПЧларни алмаштириш ҳамда сиқув компрессор станцияларини барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқарувчилар билан шартномалар тузиш орқали 35 та газ турбинали двигателларни капитал таъмиралш ишларини олиб бориш режалаштирилган.

"Шўртан", "Тегирмон" ва "Арслон" конларида газни дастлабки тайёрлаш қурилмаларини қуриб ишга тушириш, шунингдек конларда газ сиқилишини олдини олиш, ўтказувчанлигини ошириш мақсадида 192 км ҳар хил турдаги газ қувурлари қуриш режалаштирилган.

Юқорида санаб ўтилган тадбирларни бажариш учун, бугунги кунда дунёнинг илғор компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган замонавий 30 та бурғилаш ва 37 та капитал таъмирлаш станоклари пудрадчилар орқали жалб қилинган. Углеводород конларидаги паст босимдаги қолдиқ заҳирани қазиб олиш олиш мақсадида кичик компрессор станцияларни етказиб келиш ва уларни ўрнатиш бўйича ишлаб чиқарувчилар билан жадал суръатларда музокаралар олиб борилмоқда.

Қазиб чиқариш чора-тадбирларни амалга оширишда геологик-технологик рискларни камайтириш мақсадида 2023 йилда янги очиладиган барча конларнинг геологик модели, 28 та коннинг гидродинамик модели ва 40 та коннинг тармоқ моделлари, 8 та коннинг интеграл моделларини тузиш ишлари ҳамда 2020-2022 йилларда ишлаб чиқилган 19 та коннинг геологик модели, 65 та коннинг гидродинамик модели ва 40 та тармоқ моделларини янги бурғиланган қудуқлар маълумотлари асосида янгилаш ишлари амалга оширилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Устюрт минтақасининг юқори истиқболга эга бўлган 4000-7000 метр чуқурликларда жойлашган қуйи юра даври ётқизиқлари 3Д сейсмик-қидирув материаллари янги eXchroma технологияларини татбиқ этган ҳолда қайта атрибут таҳлил қилинмоқда. Шу орқали "Судочий" ботиқлигининг чуқур геологик тузилиши, бурғилашдан олинган барча геологик-геофизик ва бошқа маълумотларни ўрганиш ҳамда ҳудуднинг регионал модели асосида аниқланган янги маҳсулдор қатламларни нефтгазга истиқболлиги ҳамда углеводород ресурсларини баҳолаш ишлари “Schlumberger” халқаро сервис компанияси билан ҳамкорликда олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда Дастур доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги барча конлар, шу жумладан тажриба саноат усулида ишлатилаётган конларнинг ҳолати “Schlumberger” компанияси билан таҳлил қилиб бориш орқали, самарасидан келиб чиқиб, тавсияларига асосан ўзгартириш киритиб борилмоқда.

Шу билан бирга бугунги кундаги энг долбзор масалалардан бири ҳисобланган энергия самарадорлигини ошириш йўналишида ҳам ишлар ташкил этилган бўлиб, “Ўзбекнефтгаз” тасарруфидаги бошқарма ва корхоналар кесимида 2023 йил учун энергия ресурсларни тежаш мақсадида энергия тежовчи мосламаларни ўрнатиш (18 та), электр қурилмалари иш режимларини оптималлаштириш (7 та) ва қайта тикланувчи электр манбаларини ўрнатиш (31 та) билан боғлиқ жами 56 та ташкилий техник тадбирлар ишлаб чиқилган.

Жумладан, муқобил энергия манбаларини жорий қилиш бўйича турли қувватлардаги жами қуввати 801 кВт бўлган 25 та комплект қуёш фотоэлектр станциялари, турли сиғимдаги жами сиғими 3800 литр бўлган 20 комплект қуёш сув қиздиргичлари ва 10,5 кВт бўлган 70 комплект қуёш панелли кўча ёритиш чироқлари ўрнатилади.

Ушбу чора-тадбирларни бажариш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан барча имкониятлардан кенг фойдаланилган ҳолда молиявий маблағлар билан таъминлаш учун барча чоралар кўрилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|