“Ўзбекнефтгаз”: GTL заводи билан боғлиқ нотўғри хабарлар юзасидан РАСМИЙ БАЁНОТ!
Таъкидлаш керакки, жорий йилнинг 18 июнь куни соат 20:30 да GTL заводининг ҳаво ажратиш қурилмаси (10-сонли қурилма)ниишга туширишга тайёрлаш жараёнида қурилманинг суюқ кислород сақлаш тизимидаги қувурида ўрнатилган бошқариш клапанининг уланиш қисми(фланец)да юқори тозаликдаги кислород (99,99 фоиз) сизиб чиққан ва бу вақтда юзага келиши мумкин бўлган эҳтимолий авария ҳолатини олдини олиш мақсадида барча зарур чоралар кўрилиб GTL заводининг ёнғин ўчириш, биринчи тез тиббий ёрдам хизматлари шай ҳолатга келтирилган.
Албатта бу табиий ҳолат бўлиб, янги қуриб битказилган қурилмаларни иш бошлаши жараёнида сизиб чиқиш ҳолати кузатилиши мумкин. Шу сабаб, GTL заводида айни кунларда тўлиқ 24 соатлик иш режими ташкил қилинган бўлиб, навбатчилик ва вахта режимида ишчилар-ходимлар жумладан смена муҳандислари, масъул смена бошлиқлари фаолият олиб боришмоқда.
Завод раҳбарияти томонидан юзага келиши мумкин бўлган вазиятларни олдини олиш учун барча хавфсизлик чоралари кўрилган.
Интернетда, жумладан телеграм тармоғидаги Eltuz канали орқали нотўғри маълумот тарқатилган. Ҳозирда заводда ишлаб чиқариш ишларида сидқидилдан меҳнат қилаётган технологик ва ишлаб чиқариш тизимларини хавфсиз ҳолатда ишлаб туришини таъминлаб турган ишчи-ходимларнинг ишчанлик ҳолати ва кайфиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, асосий технологик жараёнлар, ишга тушириш ва маҳсулот ишлаб чиқаришга тайёргарлик ишлари одатий тартибда давом этмоқда, ишчи-ходимлар ҳозирда ўз меҳнат фаолиятларини тўўлиқ давом эттиришмоқда.
Шу билан бирга “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 121-моддаси 2-қисмига мувофиқ веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни жойлаштиришдан аввал унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек, жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт эканлигини таъкидлаб ўтамиз.
Бундан ташқари, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида журналистнинг мажбуриятлари белгиланган бўлиб, ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ сўнгги йилларда коррупцияга қарши кураш, очиқлик ва шаффофлик мезонларига тўлиқ амал қилган ҳолда ОАВ ходимлари, журналистлар, блогерлар, жамоатчилик вакиллари учун мунтазам равишда давра суҳбати, Пресс тур, матбуот анжуманлари ташкил қилиб келмоқда.
Шу сабабли, Жамият ҳамда унинг тизим корхоналари, заводлар фаолияти борасида маълумот эълон қилишда, уларнинг тўғрилигини текшириб кўрилиши учун Матбуот хизмати билан ҳамкорлик қилишга барчани таклиф қиламиз ва биз бу иккитомонлама ҳамкорликдан беҳад мамнун бўламиз.
“Uzbekistan GTL” заводида амалга оширилаётган якуний созлаш ишлари ва маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларига бўлаётган қизиқиш ҳамда қўллаб-қувватланаётганликлари учун барчага “Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоаси ўз миннатдорчилигини билдиради.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|