“Ўзбекнефтгаз”: Андижонлик тадбиркорлар билан импортдан харид қилинаётган маҳсулотларни ўзлаштиришга келишиб олинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 2 июлдаги “Давлат харидлари шаффофлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан мунтазам равишда маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар билан учрашувлар ташкил этилмоқда.
Ушбу учрашувларни ташкил этишдан мақсад “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги корхоналар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.
Маҳаллий корхоналар билан яқиндан ишлаш мақсадида Андижон вилоятида жойлашган “SDK GROUP AND” МЧЖ ва “SPZ-BEARING” МЧЖ ҚҚ вакилларининг “Uzbekistan GTL” заводи ҳамда Шўртан газкимё мажмуасига ташрифи амалга оширилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар “Uzbekistan GTL” корхонасининг импортдан харид қилиб келаётган ҳар хил турдаги фильтр, мой ва подшипникларга бўлган эҳтиёжлари билан таништирилди. Шунингдек, заводнинг ишлаб чиқариш технологик жараёнлари бўйича тушунтиришлар берилди.
Учрашув давомида импортдан олинаётган 34 турдаги ҳаво фильтрларини ўзлаштиришга келишиб олинди. Биринчи босқичда 10 турдаги фильтрлар намуналари (қайтариб бериш шарти билан) тақдим этилди.
“SPZ-BEARING” МЧЖ ҚҚга катта ва кичик ўлчамдаги подшипникларнинг йиллик эҳтиёж, намуналари ва чизмалари тақдим этилди.
Маҳаллий корхона вакилларининг Қашқадарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли ишлаб чиқариш объектларига ташрифларини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш