“Ўзбекнефтгаз”: Жорий йилда геология-қидирув ишлари дастури доирасида 70 та излов-қидирув қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан конларда табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш, углеводородлар захирасини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда ҳам геология-қидирув ишлари дастури доирасида 70 та излов-қидирув қудуқларида бурғилаш ишлари олиб борилди. Йил давомида 125 минг погон метр бурғиланди ва 45 та қудуқ қурилиш билан тугатилди. 13 та янги майдонда бурғилаш дастгоҳлари монтаж қилиниб, қудуқлар бурғиланди. Олиб борилган геология-қидирув ишлари натижасида жорий йилда 4 та газконденсат конлари (“Ниёз”, “Янги Алат”, “Мойқудуқ”, “Янги Тегирмон”) ва 1 та нефть кони (“Қуйи Помуқ”) очилди ҳамда углеводород заҳирасининг ўстирилишига эришилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, геология қидирув ишларидаги янги йўналиш, яъни Бухоро-Хива ва Устюрт ҳудудларида қуйи юра қатламларини ўрганиш мақсадида жорий йилда мураккаб конструкцияга эга чуқур излов қудуқлари бурғиланди.
Жумладан, “Шўртан” (тер.юра), “Култак” (тер.юра), “Қуйи Помуқ”, “Истиқбол”, “Қуйи Сургил”, “Қуйи Шаркий Бердақ”, “Қуйи Шимолий Бердақ”, “Жагис” ва “Атау” майдонларида лойиҳавий чуқурлиги 4300-4700 метр атрофида бўлган қудуқлар бурғиланди. Ушбу излов қудуқларини бурғилаш ишлари мураккаб жараён бўлиб, юқори даражадаги малака ва машаққатни талаб этади. “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан қудуқлар қурилиши учун энг керакли моддий-техник ресурслар (мустаҳкамлаш қувурлари, бурғилаш долоталари, қудуқ усти жиҳозлари, насос-компрессор қувурлари) ўз вақтида таъминлаб берилди.
2023-2033 йилларда, геология қидирув ишларининг 10 йиллик дастурида Устюрт ҳудудида 6000-6500 метр чуқурликдаги параметрик ва излов қудуқлари бурғиланиши режалаштирилмоқда.
Жорий йилда эксплуатация қудуқларини бурғилаш ишлари 177 минг метрга бажарилди ва 70 та қудуқ қурилиш билан тугатилди. Барча қудуқлардан саноат миқёсидаги углеводород оқими олиниб, ишлаб-чиқаришга топширилди.
Эксплуатация қудуқларини бурғилашда асосий эътибор сўнгги йилларда Устюрт ҳудудида топилган янги газ-конденсат конларидаги қудуқларни бурғилашга қаратилди ва бу ўз самарасини бермоқда. Мисол учун, “Қуйи Сургил” ва “Қуйи Шарқий Бердақ” конларида лойиҳавий чуқурлиги 4500 метр бўлган мураккаб эксплуатация қудуқларини бурғилаш орқали саноат миқёсидаги юқори босимга эга углеводород оқими олинишига эришилди ва бу конда бурғилаш ишлари давом эттирилмоқда.
2023 йилда ушбу конларда эксплуатация қудуқларини кўпроқ бурғилаш режа қилинган ва бу орқали углеводород қазиб чиқариш хажмининг ошиши таъминланади. Бундан ташқари геология қидирув ишлари натижасида топилган янги конларда ҳам бурғилаш ишлари олиб бориш режалаштирилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш