“Ўзбекнефтгаз”: Истеъмолчиларга импорт ҳисобидан арзон автобензин етказиб бериш миқдори оширилади
2022 йил 12 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-440-сонли қарори тасдиқланган эди. Ушбу қарорга кўра, 2023 йилнинг 1 мартига қадар импорт қилинадиган, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотиладиган АИ-80 русумли автобензин маҳсулоти учун, истисно тариқасида, акциз солиғи “ноль” ставкада қўллаш белгиланган.
Ушбу Қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан республика иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжларини сифатли ва арзон нархларда автобензин билан таъминлаш мақсадида, акциядорлик жамияти тасарруфдаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулот билан бир қаторда, тайёр маҳсулотни импорт қилиш чоралари ҳам кўрилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг январь ойида хорижий компаниялар билан 50 минг тонна АИ-80-К5 русумидаги автобензинни импорт қилиш бўйича шартнома тузилди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, маҳсулотни республика ҳудудига темир йўл транспорти орқали етказиб бериш ва бошқа харажатларни инобатга олган ҳолда, товар хомашё биржасида сотиш учун қўйиладиган бошланғич нархи бир тоннаси учун 7 084 минг сўмни, АЁҚШларда истеъмолчиларга сотиладиган якуний нархи эса бир литри учун 6 200 сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш