“Ўзбекнефтгаз”: Ахборот хавфсизлигини таъминлаш борасида хорижий компания билан ҳамкорлик йўлга қўйилди
“Киберхавфсизлик тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хавфсизлиги сиёсати талабларига мувофиқ, акциядорлик жамиятида киберхавфсизлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар жадал суратларда амалга оширилмоқда.
Айни пайтда Ахборот хавфсизлиги бўлими томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ даги ахборотлаштириш объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш бўйича янги ечимлар кўриб чиқилмоқда.
Хорижий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Россия Федерациясининг “ИНФОЗОНТ” компанияси мутахассислари билан ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича видеоконференция орқали муҳокама ўтказилди.
Унда тармоқ инфратузилмаси, сервер ускуналари, шунингдек, функционал вазифаларни бажарадиган ахборот тизимларининг яхлитлиги, мавжудлиги ва махфийлигини таъминлайдиган “SGRC” тизимининг имкониятларийга бағишланган тақдимот ўтказилди. Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари учун ахборот хавфсизлиги бўйича ўқув дастури муҳокама қилинди.
Шуни қайд этиш жоизки, “SGRC” тизими ахборот хавфсизлиги, рискларни ва киберхавфсизликни бошқариш тизими ҳисобланиб, ахборот хавфсизлиги жараёнларини бошқаришни автоматлаштириш (IT активлари, заифликлар, ҳужжатлар ва вазифаларни бошқариш), кибер хатарларни бошқариш, қонунчиликка мувофиқлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бундан ташқари, “SGRC” тизими IT-аудит (ички ва ташқи) ўтказиш жараёнларини автоматлаштиришга, ахборот хавфсизлиги кўрсаткичлари ҳисоботини шакллантириш имконини беради. Шунингдек, киберхавфсизлик ҳолатини кузатиш ва баъзи ҳолларда хавфсизлик созламаларини бошқариш учун (a-SGRC технологияси) бошқа ахборот тизимлари билан интеграциялаш имконига эга.
Маълумот учун, "ИНФОЗОНТ" МЧЖ 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, компаниянинг марказий офиси Россия Федерацияси Иннополис шаҳрида жойлашган. Компания – ахборот хавфсизлиги соҳасида турли хил профессионал хизматларни тақдим этади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш