“Ўзбекнефтгаз”: Минтақадаги геосиёсий вазият мураккабликларига қарамай таъмир учун юборилган газтурбинали двигателлар Украинанинг Запорожье шаҳридан олиб келинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва топшриғига асосан, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг нефт ва газ қазиб чиқарувчи бошқармаларни ишлаб чиқариш қувватини тиклаш мақсадида, Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида “Инқирозга қарши курашиш комиссияси” ва “Ишчи гуруҳ” тузилган бўлиб, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги бошқармалардан газтурбинали двигателларни қисқа фурсатларда таъмирлаш учун ишлаб чиқарувчи заводлар билан шартномалар имзоланган бўлиб, хусусан, АИ-336-2-8 ва Д-336 русумли газтурбинали двигателларни таъмирлаш учун Украинада фаолият юритувчи “Мотор Сич” компанияси билан ўзаро иккитомонлама шартнома тузилган.
Украина давлатида рўй бераётган вазият сабабли, таъмирга юборилган 4 дона АИ-336-2-8 русумли газтурбинали двигателлар бир мунча муддат Запорожье шаҳрида қолиб кетди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Харидлар департаменти, Углеводородларни қазиб чиқариш департаменти масъуллари ва “Мотор Сич” компанияси раҳбарияти билан бу борада бир неча маротаба музокара ўтказилди. Натижада чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, хавф бўлишига қарамай “Йўналиш харитаси” ишлаб чиқилди ҳамда шу асосда 4 дона газтурбинали двигателлар билан бирга, уларни ўрнатиб, ишга тушириш учун “Мотор Сич” компанияси мутахассиси ҳам олиб келинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2021 йил февраль ойига қадар “Мотор Сич” АЖдан капитал таъмирдан юборилган газтурбинали двигателлар Украина давлатидан 3 та давлат орқали (Озарбайжон, Россия ва Қозоғистон) 20 кунда етказиб берилган бўлса, “Йўналиш харитаси” асосида 9 та давлат орқали (Польша, Словакия, Венгрия, Руминия, Болгария, Туркия, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон) 1 ой муддатда Ўзбекистонга келтирилди.
Ушбу шартномага асосан жорий йилда етказиб берилган 4 та АИ-336-2-8 русумли газтурбинали двигателларни, “Мотор Сич”дан келган мутахассис билан биргаликда, Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Помуқ” ва “Зеварда” сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатларига ўрнатилиб, ишга қўшиб юборилди.
Сиқув компрессор станцияларидаги газтурбинали двигателлар Украинанинг “Мотор Сич” компаниясида мукаммал таъмирланган бўлиб, уни ўрнатиш ишлари бошқарманинг малакали ишчи-ходимлари билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Газ ҳайдаш агрегатларининг ишга туширилиши натижасида “Помуқ” ва “Зеварда” конларидаги сиқув компрессор станцияларини газ ҳайдаш агрегатларининг узлуксиз, бир меъёрда ишлаши таъминланишига, шунингдек, табиий газ қазиб олиш миқдорини қисқаришининг олдини олишга муваффақ бўлинди.
Бундан ташқари, куз-қиш мавсумида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқармаларидаги сиқув компрессор станцияларини тўхтовсиз ишлатиш орқали Республикамиз истеъмолчиларига табиий газни барқарор ва узлуксиз етказиб берилишига катта ҳисса қўшади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|