“Ўзбекнефтгаз”: “Uzbekistan GTL” заводида ишсизлар учун пайвандчиларни тайёрлаш бепул курслари ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Нефть ва газ соҳасида таълимишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2022 йил 7 июлдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ташаббуси билан Қашқадарё вилоятида жойлашган “Uzbekistan GTL” заводида “Зангламайдиган ва карбонли пўлатга аргон пайвандлаш” ўқув-амалий курсига тингловчиларни саралаш оммавий танлови ўтказилади.
Мазкур ўқув-амалий курсларга танловда пайвандлаш бўйича дастлабки назарий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси ишсиз фуқаролари иштирок этишлари мумкин.
Ўқув-курслари учун саралаш жараёни икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда дастлабки назарий билимлари аниқлаш бўйича суҳбат ва иккинчи босқичда номзодларнинг амалий кўникмалари синовдан ўтказилади.
Танловда иштирок этишни хоҳлаганлардан жорий йилнинг 10 февралидан 25 февраль кунига қадар “Uzbekistan GTL” компаниясининг расмий веб-сайти орқали (www.uzgtl.com) “Карьера” бўлимидаги “Резюме юбориш” қисмида “Ариза берувчиларни рўйхатга олиш” функцияси орқали керакли маълумотларини юборишлари сўралади.
Саралашнинг биринчи босқичи 25 февралдан бошлаб Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган “Uzbekistan GTL заводининг маъмурий биносида ўтказилади. Бу ҳақдаги батафсил маълумотлар ва сарашнинг натижалари “UZBEKISTAN GTL” (@uzbgtl) расмий каналида эълон қилинади.
Суҳбат натижасида юқори кўрсаткичга эришган иштирокчилар, иккинчи босқичга ўтказилади. Бунда уларнинг амалий кўникмалари “Uzbekistan GTL” заводининг механика-таъмирлаш марказида назорат бирикмаларини пайвандлаши ёки эритиб қоплаш ишларини бажариши орқали текширилади. Танловнинг иккинчи босқич натижалари ҳам “UZBEKISTAN GTL” (@uzbgtl) расмий каналида эълон қилинади.
Танловнинг энг юқори кўрсаткичларни кўрсатган 10 нафар иштирокчи бепул асосда ташкил этиладиган “Зангламайдиган ва карбонли пўлатга аргон пайвандлаш ўқув-амалий курси”га жалб қилинади.
Ўқув-амалий курснинг давомийлиги 3 ой муддатни ташкил этади ва “Uzbekistan GTL” заводининг механика-таъмирлаш марказида олиб борилади.
Ўқув-амалий курслар мазкур соҳада 20 йиллик тажрибага эга бўлган ва халқаро даражадаги пайвандчи-мутахассис, “Uzbekistan GTL” заводининг техник хизмат кўрсатиш хизмати етакчи пайвандчиси томонидан олиб борилади. Пайвандлашнинг замонавий стандартлари (ASME BPVC sec IX) ва халқаро методикаларидан фойдаланилган ҳолда назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилади. Булардан ташқари, углеродли пўлат, чоксиз қувурга, инконал, монал, дуплекс, зангламайдиган, супердуплекс пўлатга ва алюминий каби металларга пайвандлаш методикалари ўргатилади.
Ўқув-амалий курс иштирокчилари 3 ой давомида стипендия, чекка ҳудудлар вакилларига “Uzbekistan GTL” ишчилар шаҳарчасидан ётоқ жой, 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланади.
Курс якунида тингловчилар ихтисослаштирилган муассаса вакиллари иштирокида ташкил этиладиган назарий ва амалий имтиҳон топширадилар. Синовларни муваффақиятли топширган тингловчиларга аргон пайвандлаш йўналиши бўйича махсус сертификатлар топширилади.
Мазкур сертификат ўқув-амалий курс тингловчисига юртимиз ва чет эл саноат соҳасида амалга оширилаётган йирик ва мураккаб муҳандислик лойиҳаларда юқори ҳақ тўланадиган пайвандчи лавомизимларида меҳнат фаолиятлари олиб боришлари учун замин яратади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш