Бурғилаш самарадорлиги ошиб, технологик жараёнлар аниқ ва хавфсиз бошқарилади
Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан мамлакатда илк бор Бурғилаш ишларини бошқариш маркази тўлиқ ишга туширилди.
Қайд этиш жоизки, марказлашган ташкилий-рақамли бошқарувни яратиш Жамиятга қудуқларни бурғилаш муддатини 45 фоизгача қисқартириш ва уларни қурилиш қийматини 35 %га камайтириш имконини беради. Ҳар бир қудуқ қурилиши учун кўзда тутилган лойиҳавий қийматдан 4,0 млрд. сўмдан 10,0 млрд. сўмгача иқтисод қилиш имкони пайдо бўлади.
Очилиш маросимида тезкор бурғилаш жараёнларида масофавий муҳандислик ёрдамини кўрсатган Россия Федерацияси Муравленко шаҳрида жойлашган Қудуқларни қуришни бошқариш маркази ҳамда “Денгизкўл” конидаги 326-сонли қудуқ билан телекўприк алоқаси ўрнатилди. Хорижий мутахассислар ўз фаолияти ва 326-сонли қудуқни бурғилашда эришилган натижалар ҳақида батафсил сўзлаб беришди.
Марказининг энг муҳим вазифаларидан бири реал вақт режимида бурғилаш жараёнларини кузатиб боришдан иборатдир. Бурғилаш ишларини рақамлаштириш, замонавий технологиялар ва масофавий мониторинг тизимлари туфайли, марказ мутахассислари юзага келиши мумкин бўлган авария ва бахтсиз ҳодисаларни тезкорлик билан аниқлаш ва уни олдини олиш имкониятига эга бўлишади.
Маълумотларни Бурғилаш ишларини бошқариш марказига етказиш жараёни қуйидагича амалга оширилади. Ҳар бир бурғилаш ускунасидан бурғилаш режимларининг асосий параметрлари бўйича маълумотлар реал вақт режимида узатилади, интернет орқали маълумотлар бош офисда жойлашган компания серверига узатилади.
Шундан сўнг ихтисослаштирилган дастурий таъминот ёрдамида бурғилаш майдонларидан олинган маълумотлар параметрлар ва диаграммалар кўриниши экранда акс эттирилади.
Бугундан бошлаб тўлиқ режимда иш бошлаган Марказ томонидан Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида жойлашган “Денгизкул”, “Зеварда”, “Янги Тегирмон”, “Шўртан”, “Қуйи Шарқий Бердақ” ва “Қуйи Сургил” конларидаги 23 та дастгохларнинг бурғилаш жараёни онлайн 24/7 режимида назорат қилиб борилмоқда. Мутахассислар реал вақт режимида бурғилаш майдонларидан олинган маълумотларни таҳлил қилиб, қудуқлар қурилиш жараёнининг самарадорлиги ва хавфсизлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқмоқда.
Марказ фаолиятининг муҳим вазифаларидан бири бу - кадрларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳисобланади. Айни пайтда марказ ходимлари муҳандислик ҳисобларга ихтисослашган махсус дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда ўз тажрибаларини орттирмоқда.