“Ўзбекнефтгаз”: Сиқув компрессор станцияларида маҳаллий корхонада ишлаб чиқарилган мойлаш маҳсулотлари синовдан ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 августдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маҳаллий саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмлари ва номеклатурасини кўпайтириш, давлат харидлари тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар иштирокини кенгайтириб бориш ҳисобига саноатда қўшилган қиймат занжири яратилиши белгилаб ўтилган.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан тузилган махсус ишчи гуруҳнинг “Chilon Lubricants” МЧЖ ҚКга амалий ташриф уюштирилди.
Ташриф давомида заводнинг ишлаб чиқариш қувватлари, маҳсулот турлари ва лабораторияси билан яқиндан танишилди. Маълумот учун таъкидлаш жоизки, “Chilon Lubricants” МЧЖ ҚК импорт ўрнини босувчи мой ва мой маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган бўлиб, корхонада йилига 4 минг тоннадан ортиқ 100 хил турдаги мой маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Ишчи гуруҳи томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналарининг ҳозирда фаолият юритиб турган 100 дан ортиқ газ ҳайдаш агрегатлари учун бугунги кунда импортдан олиб келинаётган синтетик мойларни ўзлаштириш бўйича музокаралар олиб борилди.
Музокаралар натижасида “Chilon Lubricants” МЧЖ томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ эҳтиёжлари учун маҳаллийлаштириш даражаси 40 фоиздан юқори бўлган махсус “SAE-40” маркали мой ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Ушбу турдаги мойни ишлаб чиқариш учун, жаҳоннинг етакчи “LUBRIZOL” (АҚШ), “INFIN” (Франция) ҳамда “BASF” (Германия) компанияларидан келтирилган юқори сифатли қўшимчалардан фойдаланилмоқда.
Учрашув давомида мазкур янги ўзлаштирилаётган мой ҳамда антифриз маҳсулотининг техник ва бошқа хусусиятлари тақдимоти ўтказилди. Музокаралар натижасида импорт маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Ташриф ва музокаралар якунлари билан янги ўзлаштирилган маҳсулотларни саноат масштабида ишлаб чиқаришни ташкил этиш, аккредациядан ўтган лабораторияда синовлар ўтказиш ва босқичма-босқич “Ўзбекнефтгаз” АЖ газни қазиб чиқариш корхоналарида саноат-тажриба синовларидан ўтказиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш бўйича келишиб олинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|