“Ўзбекнефтгаз”: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида нефть ва газ объектлари атрофида яшил қалқон яратилмоқда
Бугунги кунда яшил оламни сақлаш ва кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини пухта тайёргарлик билан бошлаш ташаббуси илгари сурилди.
Ушбу лойиҳа доирасида йилига миллионлаб дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган.
Президент раислигида жорий йилнинг 11 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йил якунига қадар 75 миллион туп ва 2023 йил баҳор фаслида яна 125 миллион туп мевали ва манзарали кўчатлар экиш юзасидан топшириғи ва дарахт экиш бўйича “Долзарб
40 кунлик” тадбирни амалга ошириш юзасидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги корхоналарда ҳам жадал ишлар ташкил этилмоқда.
Акциядорлик жамияти тасарруфидаги бошқарма ва корхоналарда экологик муҳитни янада яхшилаш, ходимларнинг саломатлигини сақлаш, кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга ошириш ишлари “Яшил макон” умуммиллий дастурига мувофиқ давом эттирилмоқда.
Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида ҳам жорий йилнинг 10 декабрига қадар дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” эълон қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дарахт кўчатлари ҳудудларнинг иқлим шароитидан келиб чиқиб, боғлар ҳосил қилиш ва кўкаламзорлаштиришни назарда тутган ҳолда танлаб олинмоқда. Бу борада Фанлар Академияси тавсияси билан асосан сувсизлик ва касалликка чидамли гужум, қайрағоч, катальпа, акация, заранг, шумтол, тут, жийда, ёнғоқ, терак каби дарахт новдалари экилиши белгиланган.
Жорий йилнинг 20 октябрь кунидан бошланган тадбир доирасида шу кунга қадар тизимдаги бошқарма ва корхоналар томонидан жами - 9519 дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
• Муборак газни қайта ишлаш заводида – 2658 туп,
• Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида – 1712 туп,
• Шўртан газ кимё мажмуасида – 1620 туп,
• “Махсусэнергогаз” АЖ – 600 туп,
• Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида – 430 туп,
• "Мароқанд нефт базаси" МЧЖ – 280 туп,
• "Навоий нефт базаси" МЧЖ – 238 туп,
• "Тахиташ нефт базаси" МЧЖ - 217 туп кўчат экилди.
Юртимиз бўйлаб давом этаётган умуммиллий лойиҳада жамият ходимлари бирдек фаол иштирок этмоқда. Бу ташаббуслари билан ҳудудларнинг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга ҳамда парник газларни камайишига, энг муҳими мамлакатимиз атроф-муҳит ва атмосфера ҳавосининг мусаффолигини сақланишига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.
Экилган дарахтларни суғориш ва парвариш ишларини олиб борилиши ҳам алоҳида назоратга олинди. Улар агротехник талаблар асосида парвариш қилинади, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади.
Ушбу ишларнинг амалдаги назорати ва масъулиятини таъминлаш мақсадида “Шўртан яшил макон” МЧЖ ташкил этилди. Ушбу ташкилот зиммасига Шўртан газ кимё мажмуаси ва "Uzbekistan GTL" заводи ҳудудида барпо этилган 120 гектарлик боғни парваришлаш, муҳофаза қилиш, уни кенгайтириш вазифаси юклатилган.
“Шўртан яшил макон” МЧЖда штат бирлиги асосида 500 тадан ортиқ янги иш ўрни яратилишига эришилди. Корхона томонидан шу кунга қадар 20 гектар ер майдонида "Шангтонг" навли павловния барпо этилди. 100 минг дона узум қаламчалари экилиб, парваришланмоқда.
Келгусида доривор ўсимликларнинг етиштириш орқали парфюмерия ва фармацевтика учун хом ашё маҳсулотлари етказиб беришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган ушбу лойиҳа натижасида, нефть ва газ объектлари яшил қалқонини яратиш борасидаги ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|