Муаммолар очиқ айтилди, ечимлар белгилаб олинди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Шўртан газ кимё мажмуасининг жорий фаолияти, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, йўл қўйилган хатоликлар, мавжуд муаммолар ҳамда эришилган натижалари билан танишди.
Хабарингиз бор, мажмуа йиллик лойиҳавий қувватига мувофиқ табиий газни қайта ишлаш орқали тозаланган газ, полиетилен, суюлтирилган газ, газ конденсати ва олтингугурт грануласини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ҳисобот даврида асосий маҳсулотлар бўйича белгиланган режалар умумий ҳисобда, бажарилган бўлса-да, айрим йўналишларда ўсиш суръатлари таъминланмагани қайд этилди.
Ишлаб чиқариш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган омиллардан бири сифатида молиявий интизом масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, дебитор ва кредитор қарздорликнинг мавжудлиги, тайёр маҳсулот қолдиқларининг ортиб кетиши ҳамда маҳсулот сотишдан олинаётган соф тушумнинг пасайиши юзасидан танқидий фикрлар билдирилди. Ушбу ҳолатлар юзасидан корхона фаолиятида тизимли ёндашувни қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда охирги йилларда содир бўлган режасиз авариявий тўхталишлар масаласи ҳам муҳокама қилинди. Шу сабаб мажмуада ўтган йилга нисбатан қўшимча соф даромад йўқотилгани, бу эса, "ЖТЛ" заводи иқтисодий кўрсаткичларига ҳам салбий таъсир кўрсатгани тилга олинди. Технологик интизомни кучайтириш, профилактик таъмирлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш зарурлиги алоҳида урғуланди.
Йиғилиш давомида ишлаб чиқаришда муҳим ўрин тутадиган айрим ускуналарнинг маънан эскиргани, сервис ва таъмирлаш ишларини тизимли йўлга қўйиш масалалари ҳам кўтарилди.Йиғилиш якунида корхонадаги хомийлик ишлари танқид қилиниб, асосий эътиборни маҳсулот ишлаб чиқариш ва ишчи хизматчилар шаротларини яхшилашга қаратиш зарурлиги билдирилди.