Белгиланган режаларни сўзсиз бажариш учун раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги белгиланди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Абдуғани Сангинов Муборак газни қайта ишлаш заводи ва “Уз-Гас Прожеcтс” МЧЖнинг жорий фаолияти, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва молиявий-иқтисодий фаолиятини танқидий-таҳлилий кўриб чиқди.
Хусусан, Муборак газни қайта ишлаш заводида қурилиши тугалланмаган айрим объектлар бўйича ер ва мол-мулк ҳисобини юритишдаги камчиликлар натижасида ортиқча солиқ тўловлари амалга оширилгани қайд этилди. Ушбу ҳолат иқтисодий ҳисоб-китоблар ва ички назоратни кучайтириш зарурлигини кўрсатиб берди. Шу муносабат билан мулкларни ўз вақтида рўйхатдан ўтказиш, ҳисоб-китобларни аниқ юритиш ҳамда масъул ходимлар жавобгарлигини белгилаш бўйича вазифалар юклатилди.
Бундан ташқари, заводдаги ишлаб чиқариш объектларида автоматик газоанализаторлар ўрнатилмагани ва ташланмалар назорати етарли даражада таъминланмаётгани экологик хавфсизлик нуқтаи назаридан жиддий муаммо сифатида баҳоланди. Мазкур масалалар бўйича келгуси йилда хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларини тўлиқ таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси белгиланди.
"Уз-Гас Прожеcтс" МЧЖ тақдимотида асосий эътибор табиий газ ва конденсат қазиб чиқариш кўрсаткичларининг прогнозга нисбатан бажарилмагани, мавжуд қувватлардан самарали фойдаланилмаётгани ҳамда корхонанинг молиявий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларга қаратилди.
Йиғилишда ҳисобот даврида табиий газ қазиб чиқаришда белгиланган прогноз кўрсаткичлари тўлиқ бажарилмагани танқид қилинди. Корхонанинг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси паст, қазиб олинаётган табиий газ таннархи эса реализация нархидан сезиларли даражада юқори қолаётгани танқид қилинди. Бу эса операсион фаолиятда зарар келтириб чиқаргани ва айланма маблағлар танқислигини кучайтиргани қайд этилди.
Корхонани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад — қазиб чиқариш таннархи юқори бўлган конларга инвестисия жалб қилиш орқали қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш. Бироқ, корхона фаолият бошлаганига бир неча йил бўлганига қарамай, шу кунга қадар мазкур йўналишда аниқ инвестисия лойиҳалари амалга оширилмаган. Аксинча, харажатларнинг ортиши қазиб чиқариш самарадорлигини янада пасайтирган, - деди Бошқарув раиси.
Йиғилишда режаларнинг сўзсиз бажарилиши учун жамият раҳбариятининг шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилди. Шунингдек, конларда қазиб чиқаришни ошириш мақсадида қурилаётган кичик компрессор стансияларини белгиланган муддатларда ишга тушириш, геологик жиҳатдан мураккаб захираларни ўзлаштириш бўйича инвесторлар билан ҳамкорлик масалаларини қайта кўриб чиқиш вазифалари юклатилди.
Мавжуд салоҳиятдан келиб чиққан ҳолда 2026 йилда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмларини жорий йилга нисбатан 15 фоизга ошириш мумкинлиги таъкидланди. Бунинг учун бошқарув тизимини қайта кўриб чиқиш, харажатларни қатъий назоратга олиш, инвестисияларни жалб этиш ва ишлаб чиқариш интизомини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди.