Президент Мурожаатномаси — янги масъулият ва қатъий назорат
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига тақдим этган Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишлар ҳамда вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида изчил ташвиқот ишлари ташкил этилмоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 9 январ куни Жамият Марказий аппаратида Президент Мурожаатномасида кўтарилган долзарб масалаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда Жамият марказий аппаратининг барча департамент ва мустақил бўлинмалар раҳбарлари иштирок этди. Бошқармалар, заводлар, корхоналар ва нефт базалари раҳбарлари масофавий тарзда қатнашдилар.
Мулоқот давомида Президент чиқишининг мазмунини қизиқарли тарзда тушунтириш, 2026 йилга мўлжалланган стратегик вазифаларни кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида Мурожаатноманинг лингвистик таҳлили асосида тақдимот ўтказилди. Унда энг кўп қайтирилган сўзлар ва унинг маъновий акцентлари, асосий тушунчалар тизими, уларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳамда давлат сиёсатининг устувор йўналишлари атрофлича шарҳланди.
Шунингдек, Мурожаатномада давлат харидларида тўғридан-тўғри шартномалар масаласи фақат қонун билан тартибга солиниши лозимлиги қатъий белгилаб берилгани, коррупцияга қарши кураш масаласи эса кескин ва принципиал оҳангда кўтарилганини таъкидлади. Хусусан, 2026 йилда коррупцияга қарши курашиш йўналишида “фавқулодда ҳолат” эълон қилинишига алоҳида урғу берилгани қайд этилди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган топшириқлар, уларнинг амалий ижроси ҳамда Жамият тизимида жорий этилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди. Комплаенс тизимини янада кучайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланганига алоҳида урғу берилди.