February 13, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: Январь ойи якунлари, кутилаётган натижалар ҳамда ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ўтказилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида 2023 йилнинг январь ойи якунлари, биринчи чоракда кутилаётган кўрсаткичлар, шунингдек республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолисини ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш кун тартибида дастлаб жорий йилнинг январь ойидаги прогноз кўрсаткичлар ижроси кўриб чиқилди.

Бошқарув раиси 16 январь куни Давлат Раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида энергия ресурслари билан таъминот масалалари танқидий муҳокама қилиниб, юзага келган энергетика инқирозни қисқа муддатда ечишга қаратилган Президентнинг махсус қарори қабул қилинганини қайд этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси топшириқларига асосан жорий йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини 32,8 млрд куб метрга етказиш топшириғи белгиланди.

Бунинг учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 744 та геологик-техник тадбирларни амалга ошириш, янги майдонларда геология-қидирув ишлари доирасида қўшимча 20 та қудуқни бурғилаш, 1,5 минг кв км 3Д сейсморазведка ишларини бажариш белгилаб олинди.

Йиғилишда табиий газ қазиб чиқариш бўйича прогноз кўрсаткичларнинг январь ойидаги ижроси бошқармалар кесимида кўриб чиқилди. Қайд этилишича, "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан январь ойида 2 637,6 млн куб метр табиий газ қазиб чиқаришга эришилган.

Ўтган ойда табиий газ қазиб чиқаришда қолоқликка йўл қўйган бошқармалар олдига прогнозни таъминлаш бўйича талаблар қўйилди. Мазкур прогноз кўрсаткичлар биринчи чорак якуни билан ижроси таъминланмаган тақдирда масъул раҳбарларга нисбатан интизомий жазо қўлланилиши ва тегишли хулоса қабул қилиниши тўғрисида огоҳлантирилди.

Бундан ташқари йиғилишда масъулларга февраль ойида “Алан” сиқув компрессор станциясининг иккинчи навбатидаги 2 та газ ҳайдаш агрегати ҳамда “Арслон” газни комплекс тайёрлаш қурилмасидаги турбодетандер агрегатини ўз вақтида ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.

Февраль ойида қурилиш билан тугатилиши ва ишга қўшилиши режалаштирилган қудуқларни қатъий назоратга олиш ва ҳар бир қудуқ режа-графикка асосан ўз вақтида бажарилиши таъминлаш масалалари ҳам муҳокама этилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг биринчи чорагида 2 млрд куб метр табиий газ ва 100 минг тонна газ конденсати заҳираларини ўстириш учун 250 кв км ҳажмда 3Д сейсмик қидирув ишларини бажариш, 4 та янги майдонда излов бурғилаш ишларини бошлаш, 38,6 минг погон метр ҳажмда излов-қидирув бурғилашни амалга ошириш, 12 та қудуқни қурилиш билан тугатиш режалаштирилган.

2023 йил январь ойида кузатилган аномал совуқ натижасида, хомашё гази қабул қилиш ҳажмига сезиларли даражада чекловлар қўйилганлиги сабабли, биринчи чорак ҳамда биринчи ярим йиллик ишлаб чиқариш прогноз кўрсаткичларига эришиш, ишлаб чиқаришни ортиғи билан бажаришни ташкиллаштириш чоралари кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022-2023 куз-қиш мавсуми давомида Республикада аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида табиий газ истеъмоли ошиши ҳисобига, “GTL” заводига берилаётган газ ҳажми 50% га камайтирилган эди.

Бундан ташқари йиғилиш кун тартибида бўш турган, самарасиз фойдаланилаётган ва асосий фаолиятга оид бўлмаган активларни аниқлаш бўйича доимий равишда хатлов ишлари амалга ошириш ҳолатлари ўрганилди. Бошқарув раиси “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тасарруфидаги ташкилотларга тегишли бўлган активларини сотишдан тушадиган маблағлар келгусида углеводородларни қазиб чиқаришни оширишга қаратилган геологик-техник тадбирлар ва геология-қидирув ишларини молиялаштиришга йўналтирилишини маълум қилди.

Бошқарув раиси томонидан маҳаллийлаштириш, импортни қисқартириш, электрон савдо платформларида ишлаш, харидлар жараёнини самарали ташкил этиш, маҳаллий корхоналар билан кооперация алоқаларини кенгайтириш йўналишлари бўйича раҳбар ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Жорий йилнинг биринчи чорак якунига қадар тизим ташкилотлари объектларида қуввати 670 кВт бўлган 14 комплект қуёш фотоэлектр станциялари, ҳажми 1 800 литр бўлган 11 комплект қуёш сув қиздиргичларини ўрнатиш ишларини жадаллаштириш вазифаси белгиланди.

Йиғилиш сўнггида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик Меморандуми доирасида 2023 йил учун чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|