“Ўзбекнефтгаз”: Йилига 2,0 млрд куб метр газни комплекс тайёрлаш қувватига эга “Шарқий Бердақ” қурилмаси қишга тайёрланмоқда
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи асосида корхона ва нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари технологик қурилмаларини 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсумида беталофат ва тўхтовсиз ишлашини таъминлаш ҳамда авариявий нохуш ҳолатларни олдини олиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Жумладан, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Шарқий Бердақ” газни комплекс тайёрлаш қурилмасидаги 1-сонли технологик тармоғида бугунги кунда режали огоҳлантирувчи таъмир (РОТ) ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур технологик тармоқда таъмирлаш ишлари доирасида табиий газдан суюқликни ажратишга мўлжалланган сепараторлар ички кўрикдан ўтказилиб, нуқсонлари бартараф этилди. Унинг дренаж қувурларида тозалаш ишлари олиб борилди ҳамда зулфинлари таъмирланди.
Табиий газни совутиш ва тайёрланган газни иситишга мўлжалланган “Т-102/1” иссиқлик алмаштиргич ускунаси техник кўрикдан ўтказилиб шарсимон кранлари ва қувурлари янгисига алмаштирилди.
Ушбу тадбирлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг кўрсатмалари асосида Ишлаб чиқаришни техник тартибга солиш департаменти ва Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасининг раҳбарияти назорати остида бошқарманинг механик ва техник мутахассислари томонидан амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Шарқий Бердақ” газни комплекс тайёрлаш қурилмаси 2002 йилда “Шарқий Бердақ” газ конденсат конини ўзлаштириш лойиҳаси асосида ишга туширилган. 2005 йилда қурилма кенгайтирилиб, унинг газни комплекс тайёрлаш қуввати йилига 2,0 млрд куб метрга оширилган.
Газни комплекс тайёрлаш қурилмаси 4 та паст ҳароратли сепарациялаш тармоқларидан иборат бўлиб, 1-, 2-, 3-тармоқларнинг газни комплекс тайёрлаш қуввати йилига 2,0 млрд куб метрни ташкил қилади. 4-тармоқ заҳира тармоқ ҳисобланади.
Қурилманинг асосий хом ашё базаси “Шарқий Бердақ”, “Шимолий Бердақ”, “Арслон” ва “Ином” газ конденсат конлари ҳисобланади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|