“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида янги турдаги маҳсулотларни тайёрлаш бўйича инновацион тадқиқотлар олиб борилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” ги Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган 5 йиллик ривожланиш стратегияси тасдиқланди.
Ушбу Ривожланиш стратегиясида юқори сифатли янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Айни пайтда стратегия доирасида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида инвестиция лойиҳалари, илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш, жумладан, завод мутахассисларининг шахсий изланишлари каби муҳим йўналишлар бўйича ишлар олиб борилмоқда. Мутахассислар замонавий тадқиқотлар таҳлилхонасида лаборатория текширувларини ўтказишмоқда.
Тадқиқотлар таҳлилхонаси доимий равишда хом-ашё таркибини ўрганиш, шунингдек, зарур пайтда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг таркиби ва сифатини ўрганиш билан шуғулланади. Таъкидлаш жоизки, заводда барча маҳсулотлар ишлаб чиқаришга жорий этишдан олдин тадқиқотлар лабораториясида синовдан ўтказилади.
Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш бўлими билан ҳамкорликда янги турдаги маҳсулотларни тайёрлаш, маҳсулотни маҳаллийлаштириш ва кимёвий реагентлар ва адсорбентларнинг импорт ўрнини босиш бўйича лаборатория тадқиқотлари фаол олиб борилмоқда.
Сўнгги йилларда мутахассисларнинг ҳамкорликдаги фаолияти натижасида ўнлаб турдаги тестлар амалга оширилди.
Хусусан, ишлатилган адсорбентларни қайта тиклаш, буғ конденсатини тозалаш тизими учун фаоллаштирилган углеродни синаш, демеркаптанизация жараёнида фаоллаштирилган кўмирни синаш, бензиннинг октан сонини ошириш учун маҳаллий қўндирмаларни синаш, дизель ёқилғиси учун депрессор-диспергирловчи ва мойлаш қўшимчалари, чиқинди хом-ашёдан заводнинг тозалаш иншоотлари учун коагулант ишлаб чиқариш, импорт аналоглари билан солиштирганда маҳаллий демульсификаторлар сифатини аниқлаш, натрий сульфид сифатини аниқлаш ва бошқалар бўйича ўтказилган тадқиқотлар шулар жумласидандир.
Лаборатория синовларини ўтказиш учун мутахассислар тадқиқот ўтказиш дастурларини ишлаб чиқишади ва тажриба ўтказиш учун таҳлилнинг янги усулларини ўзлаштиришади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|