“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси бошчилигида истеъмолчилар талабларидан келиб чиқиб АИ-80 маркали бензин етказиб бериш ҳажмини оширишга доир видеоселектор йиғилиши ўтказилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Бошқарув ўринбосарлари, масъул департамент бошлиқлари, нефтни қайта ишлаш заводлари, нефть базалар ва “UNG Petro” корхонаси раҳбари иштирокида АИ-80 бензиннинг етказиб берилиши ҳажмини ошириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Бошқарув раиси 13 декабрь кунидан бошлаб Товар хом-ашё биржасида ягона нарх 6 295,0 минг сўм қийматида шакллангани ва бунинг натижасида АИ-80 русумли автобензиннинг жорий нархи 1 100 сўмга арзонлаб, Жамиятга қарашли АЁҚШларда 5 700 сўмдан сотилиши тўлиқ йўлга қўйилганини, истеъмолга бўлган талаб ортиши эса ҳаммага ўзига хос масъулият юклашини билдирди. Айни мана шу кунларда ўзбошимчалик билан йўл тутган ва бензин сотилиши ишларини тўғри ташкил қилмаган раҳбарлар лавозимидан озод этилиши таъкидлаб ўтилди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарига истеъмолчилар талабидан келиб чиқиб, AИ-80 русумли автобензиннинг суткалик ишлаб чиқариш ҳажмини 600 тоннага ошириш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, бугунги кунда 2 800 тонна АИ-80 автобензин ишлаб чиқарилишини тўлиқ таъминлаш ва кунлик 2 755 тонна АИ-80 русумли автобензин биржа савдоларига қўйиш бўйича вазифалар белигалб берилди.
Бундан ташқари, олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланган истеъмолга бўлган талаб ортаётган ҳудудлар, яъни Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятидаги АЁҚШларга “Чинобод нефть базаси” МЧЖ орқали кунига 1 350 тоннадан, шу жумладан “UNG Petro” МЧЖга 1 200 тонна АИ-80 русумли автобензин қўшимча равишда етказиб бериш лозимлиги белгиланди.
Бошқарув раиси томонидан вилоятларда тақчиллик юзага келмаслиги ва истеъмолчилар эҳтиёжи учун АИ-80 бензинини узлуксиз етказиб берилишини тўлиқ таъминлаш учун 12 минг тоннадан ортиқ маҳсулотни биржа савдоларига чиқариш бўйича вазифалар белгиланди.
Республика истеъмолчиларни автобензин маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва уларнинг нархлари кескин ошишининг олдини олиш мақсадида, Жамият томонидан ташкил этилган “Ишчи гуруҳ” аъзолари ўзларига белгиланган ҳудудларда мониторинг ишлари ҳамда нархни асоссиз оширилиши бўйича ўрганишлар ўтказиб борилмоқда.
Етарли даражада захиранинг яратилгани ҳамда ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада оширилгани сабаб тақчиллик ва етишмовчиликлар олди олинмоқда. “Ўзбекнефтгаз” АЖ масъул ходимлари томонидан бу борада узлуксиз ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ҳамда аниқланган камчиликларни тезкорлик билан жойида бартараф этилиши бўйича ишлар йўлга қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 12 декабрь куни Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан 2 760 тонна тонна АИ-80 автобензини ишлаб чиқарилди, биржа савдоларига 7 415 тонна АИ-80 автобензини жойлаштирилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш