“Ўзбекнефтгаз”:“Қарши нефть базаси”нинг Ғузор филиалида 2 651,7 тонна нефть маҳсулотларининг камомади аниқланди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, тизимдаги корхоналарда молиявий ва комплаенс назорати йўналишида коррупция, иқтисодий жиноятларга қарши курашишга, уларни келгусида йўл қўйилишини олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар, ўрганишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бир қаторда Бошқарув раиси томонидан тизим ташкилотларидаги кадрлар сиёсати ва уларни тўғри танлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш маданияти даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам кучайтирилган.
Мамлакатимизда олиб борилаётган бугунги ислоҳотлар эскича фикрлайдиган ходимлардан воз кечиб, янгиликка интилувчан, ташаббускор кадрларни тақозо этмоқда.
Акциядорлик жамиятида ҳам ишчанлик, шижоаткор муҳит яратилдики, ҳар бир раҳбар ва ходим соҳа тараққиётига, равнақига хисса қўшишни ўзининг бурчи ва вазифаси эканини англаб, ҳис қилиб фаолият юритмоқда. Афсуски, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги эски тизим унсурларидан воз кечолмаган айрим корхона раҳбарлари сабабли ҳанузгача аниқланаётган талон-тарожликлар акциядорлик жамияти нуфузига путур етказишмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига асосан, тизимдаги корхоналарда профилактик ва назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Нефть маҳсулотлари логистикаси департаменти ходимлари томонидан “Қарши нефть базаси” МЧЖнинг Ғузор филиалида нефть маҳсулотлари навбатдан ташқари хатловдан ўтказилди.
Хатлов натижасига кўра, филиалда 2 651,7 тонна (30,1 млрд сўмлик) нефть маҳсулотлари камомадига йўл қўйилиб, нефть маҳсулотлари талон-тарож қилинганлиги аниқланди.
Жумладан, 1 523,6 тонна (12 432,1 млн сўмлик) “Аи-80” автобензин, 1 128,1 тонна (18 505 млн сўмлик) “ЭКО” дизель ёнилғиси мансабдор ва моддий жавобгар шахслар томонидан ўзлаштириб юборилган.
Шунингдек, филиалнинг 12-сонли 1 000 куб метр ҳажмдаги вертикал пўлат сиғимга (РВС) қасддан техник ўзгартириш киритиш орқали қўлбола усулда сиғим ичига темир қувур (бочка) жойлаштирилганлиги аниқланди.
Аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда камомадларга йўл қўйган ходимларга нисбатан қонуний чора кўриш мақсадида, тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда Давлат хавфсизлик хизматига тақдим этилди.
Ушбу йўналишдаги назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, муқаддам “Мароқанд нефть базаси”нинг Булунғур ва Жомбой филиалларида катта миқдорларда аниқланган талон-тарожлик ва камомадлар йўл қўйилган ҳолатлар тўғрисида хабар берган эдик.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|