January 9

Нефт базаларга қарашли самарасиз активларни қисқартириш бўйича таклифлар кўриб чиқилади

Аввал хабар берилганидек,“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси А.Сангинов иштирокида ўтказилган навбатдаги йиғилишда нефт базалари тасарруфидаги мол-мулкларни бошқаришдаги жиддий муаммолар танқид остига олинган эди.

Бугунги кунда нефт базалар балансида жами 441 та фермерларга ёқилғи тарқатиш шахобчаси (ФЁТШ) мавжуд. Уларнинг атиги 234 таси фаолият кўрсатаётган бўлса, 207 таси деярли фаолиятсиз ҳолатда. Фаолият кўрсатмаётган шахобчаларнинг 156 таси сотувга қўйилган, бироқ натижа йўқ.

Ташвишли жиҳати шундаки, савдога чиқарилган 156 та ФЁТШдан 130 таси уч йилдан ортиқ вақтдан бери сотилмай келмоқда. Ҳатто уларнинг баҳоланган қиймати 50 фоизгача туширилганига қарамасдан, харидор топилмаган. Бошқарув раиси бу ҳолат активларни реализация қилишдаги тизимли камчиликлар ва бозорга мос ёндашув йўқлигидан далолат беришини қайд этди.

Фаолият кўрсатмаётган 207 та ФЁТШ корхона учун “музлатилган актив”га айланган. Уларни сақлаш, ер ва мулк солиқларини тўлаш учун йилига 11,5 млрд сўм маблағ сарфланмоқда. Шу билан бирга, ҳозирда ишлаб турган 234 та ФЁТШ ҳам иқтисодий жиҳатдан самарасиз, паст рентабелликда фаолият юритмоқда.

Йиғилишда, айниқса, нефт база раҳбарлари томонидан ишлатилмаётган мулк ва ер майдонларини консервация қилиш орқали солиқ юкини камайтириш бўйича ҳеч қандай чора кўрилмагани танқид қилинди.

Масалани тизимли ҳал этиш мақсадида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, 1 февралга қадар нефт базалари тасарруфидаги барча мол-мулк ва ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш вазифаси қўйилди. Фойдаланилмаётган ёки самарасиз ишлатилаётган активларни реализация қилиш бўйича аниқ таклифлар киритилиши белгиланди.

Шунингдек, сотилмаётган 130 та ФЁТШдаги моддий-техник ресурсларни алоҳида реализация қилиш, ер ва бино-иншоотларни эса давлат захирасига қайтариш масаласи кўриб чиқилади. Энди реал эҳтиёждан келиб чиқиб, ортиқча активларни қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Муҳим йўналишлардан яна бири — ҳозирда фаолият юритаётган 234 та ФЁТШни иқтисодий самарадорлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишдир. Улар бозор талабларига мос бўлган мобил ёқилғи қуйиш транспорт воситаларига босқичма-босқич алмаштириш таклиф этилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати