February 10, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳамда “Промперфоратор” компанияси билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди 

Бош саҳифа Русский

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш масалаларининг долзарблиги ҳамда келгуси йилларда Республика бўйича нефть ва газ геология-қидирув ишларини янада жадаллаштириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди. Бу борада “Ўзбекнефтгаз” АЖ зиммасига қатор вазифалар юкланди. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида 2023 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича углеводород хом-ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш дастури ишлаб чиқилди.

Мазкур Дастур доирасида 2023 йилда бир қатор янги истиқболли майдонларни излов-бурғилашга киритиш ҳамда мавжуд истиқболли майдон ва конларда қидирув ишларини давом эттириш режалаштирилган.

Шу сабабли, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан излов-қидирув қудуқларини бурғилаш ва синаш ишларида тўхталишларни олдини олиш ва замонавий усуллар ҳамда асбоб-ускуналар билан жиҳозланган сервис компанияларни жалб қилган ҳолда ишларни жадаллаштириш чоралари кўрилмоқда.

Ушбу мақсадларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Геология департаменти, Конларни ишлатиш департаменти, нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари мутахассислари, “Ўзбекгеофизика” АЖ қудуқларни синаш ва отиш ишларини олиб боришда қўлланиладиган ускуналарни ишлаб чиқариш бўйича кўп йиллик тажрибага эга бўлган Россиянинг “Промперфоратор” компанияси мутахассислари билан технологик-илмий учрашув ўтказилди.

Учрашув давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2023 йилда нефть ва газ геология қидирув ишлари доирасида янги бурғиланадиган қудуқларнинг маҳсулдорлигини янада ошириш, янги синаш ишлари учун ишлатиладиган ускуналар ва уларни иш жараёнида қўллаш, геология қидирув ишларида режалаштирилган чора-тадбирларнинг самарасини ошириш каби масалаларда кўп томонлама ҳамкорликда ишлашга келишилди.

Шунингдек, учрашув якунида “Промперфоратор” компанияси томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Ўзбекгеофизика” АЖ мутахассилари синов ишларида қўлланиладиган махсус ускуналарни ишлаб чиқариш ҳамда синаш жараёнлари билан бевосита танишиш мақсадида компания заводларига таклиф қилинди.

Маълумот учун: “Промперфоратор” компанияси 21 йилдан буён нефть ва газ қудуқларида отиш-портлатиш тизимларини яратиш ва ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ушбу компаниянинг Ўзбекистондаги кўп йиллик ҳамкори “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг геофизик-тадқиқот ва отиш-портлатиш бўйича пудратчиси “Ўзбекгеофизика” АЖ ҳисобланади.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|