October 15, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида “Тегирмон” ва “Сомонтепа” конлари оралиғида 48 км узунликда газ қувурини монтаж қилиш лойиҳаси амалга оширилмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига кўра, конларда табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш, углеводородлар захирасини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ҳозирги кунда истиқболли “Тегирмон” гуруҳи (“Тегирмон”, “Ғарбий Тегирмон”, “Шимолий Тегирмон”) конларида олиб борилаётган излов-қидирув ишлари натижасида ҳозирги кунда ушбу конлардаги мавжуд ишлатиш қудуқларидан кунлик 1,3 млн. куб метр газ қазиб чиқарилмоқда ва йил охиргача яна 4 та ишлатиши қудуқларини ишга тушириш билан газ қазиб чиқаришни янада ошириш кўзда тутилган.

Конлардаги мавжуд ишлатиш қудуқларидан қазиб олинаётган газни қайта ишлаш заводларига барқарор узатишни таъминлаш, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш, қўшимча қудуқларни бурғилашдан ишга тушириш ҳамда келгусида ушбу ҳудуддаги “Янги Алат”, “Олтинкўл” ва “Янги Тегирмон” каби янги истиқболли майдонларда олиб борилаётган излов қидирув ишлари натижасида аниқланаётган углеводородлар захираларини ўзлаштириш учун конлардан газ узатиш ер усти инфраструктурасини янада кенгайтириш мақсадида – “Тегирмон”-“Сомонтепа” конлар оралиғига 48 км узунликдаги газ қувурини монтаж қилиш лойиҳаси амалга оширилмокда.

Ушбу истиқболли ва газ қазиб чиқаришни оширишга қаратилган лойиҳани қиска муддатларда ишга тушириш, қурилиш-монтаж ишларини сифатли ҳамда хавфсиз олиб боришга малакали мутахассислар ва ресурсларни жалб қилиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Сомонтепа” ва “Тегирмон” конларида Штаблар ташкил қилинган бўлиб, ҳозирги кунда 50 дан ортиқ махсус автотранспорт воситалари ва 150 га яқин пайвандчи ҳамда бошқа мутахассисларни жалб қилган ҳолда 2 сменада узлуксиз иш олиб борилмоқда. Ишчи-ходимлар фаолиятларини олиб боришлари учун барча шароитлар яратиб берилди.

Бундан ташқари янги қудуқлар ва газ қувурини ишга тушириш ҳисобидан куз-қиш мавсумида ушбу конлардан кунлик табиий газ қазиб олишни 1,5 млн. куб метргача оширишга эришилади.

Лойиҳа доирасида диаметри 530 мм.лик 15000 метр пўлат қувурларни 130 км масофага ташиб етказиб бериш учун учун 20 дан ортиқ махсус автотранпорт воситалар жалб қилинди. Ҳозирги кунга келиб, деярли 3000 метр қувур ташиб келтирилди.

Шунингдек, ишлаб чиқаришда сарф харажатларни қисқартириш ва мавжуд моддий-техник ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида қабул қилинган техник қарорларга асосан, “Сомонтепа” конидан демонтаж қилинадиган 33 км газ қувурининг 7000 метрдан ортиқ қисми демонтаж қилиниб “Тегирмон” конига ташиш ишлари жадал суръатлар билан олиб борилмоқда.

2022 йил 13 октябрь куни Муборак бошқармасида олиб борилган ўрганиш давомида Бошқарув раиси томонидан лойиҳани жорий йилнинг 1 ноябрга қадар якунлаш бўйича, Бошқарув раиси ўринбосарлари ва тегишли департамент раҳбарларига топшириқ ва вазифалар белгилаб берилди.

“Тегирмон”-“Сомонтепа” оралиғига жами 48 км узунликдаги газ қувурини монтаж қилиш лойиҳасини (Д-530 мм 15000 метр ва Д-426 мм 33000 метр) амалга ошириш орқали “Тегирмон” гуруҳи конларидан газ узатиш қувурлари ўтказиш қувватини кунлик 5,0 млн. куб метргача оширишга эришилади.

Натижада ушбу конларда газ қазиб чиқаришни ошириш ҳамда юқорида қайд қилинган “Янги Алат”, “Янги Тегирмон” ва бошқа шу каби янги истиқболли майдонлардан ҳам қазиб олинадиган табиий газларни Муборак газни қайта ишлаш заводига узлуксиз узатиш таъминланади.

Қурилиш-монтаж ишларини белгиланган муддатларга амалга ошириш учун тегишли қурилиш ташкилотлари жалб қилинган бўлиб, уларни ёқилғи билан узлуксиз таьминлаш учун “Қарши нефт базаси” томонидан иш жараёнлари жойида ёқилғи қўйиш ташкиллаштирилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|