“Ўзбекнефтгаз”: Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси билан электрон маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди
Айтиш жоизки, давлатнинг ҳуқуқий асосларига салбий таъсир кўрсатадиган, иқтисодий ўсиш суръатини орқага тортадиган, давлатдаги барча тадбиркор ва фуқаролар манфаатига катта зарар етказадиган омил бу – коррупцион ҳолатлар, манфаатлар тўқнашувлари ва ходимнинг лавозим мажбуриятларини четлаб ўтиш орқали ўз манфаатларини устун билиши ҳисобланади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғи билан юқоридаги каби ҳолатларга чек қўйиш ҳамда соҳада соғлом муҳитни яратиш мақсадида, тизимда рақамлаштириш ва автоматлаштириш орқали коррупцион хавф-хатар юқори бўлган бўғинларда инсон омилини камайтириш ва молиявий назорат жараёнини кучайтириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизнинг барча бўғинларида бўлгани каби, рақамлаштириш ва автоматлаштириш жараёнлари “Ўзбекнефтгаз” АЖда ҳам изчил олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси ахборот тизими ҳамда “Комплаенс назорати” дастури ўртасида электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилиб, амалга оширилган ишлар натижасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ билан харид жараёнларига киришаётган контрагентларнинг аффилланганлик ҳолатларини автоматик тарзда аниқлаш имкони яратилди.
Шунингдек, ушбу модул орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизим ташкилотларида ишлаб чиқарилаётган ҳамда Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси орқали савдога қўйилаётган нефть ва углеводород маҳсулотлари юзасидан имзоланаётган тикет-шартномалар мунтазам назорат қилиб борилмоқда.
Шу ўринда, харид жараёнларига киришаётган контрагентларнинг аффилланганлик ҳолатларини назорат қилиш жараёнларида аниқланаётган ҳолатлар бўйича ҳам мисоллар келтирадиган бўлсак, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходими А.С. томонидан ўз қариндоши таъсисчилигидаги “SOFT-TRADE” масъулияти чекланган жамияти билан манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган ҳолда катта миқдордаги нефть маҳсулотларини мунтазам равишда харид қилинганлик ҳолатлари аниқланди.
Ушбу ҳолатни ўрганиш жараёнида ходим томонидан ўз мансабидан фойдаланган ҳолда жамият манфаатларига зарар етказганлиги аниқланди ва А.С. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Жамият томонидан коррупцияга қарши тоқатсизлик ҳамда тизимни рақамлаштириш йўналишида ишлар изчил давом эттирилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|