September 14, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Маҳаллий корхонада ишлаб чиқарилган бурғилаш долоталари тажриба синовларидан ўтказилмоқда

Бош саҳифа Русский

Жорий йилнинг 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан тизимда маҳаллий саноат маҳсулотларини кооперация асосида ишлаб чиқариш ҳажмлари ва номеклатурасини кўпайтириш масалаларига алоҳида аҳамият берилмоқда.

Мазкур топшириқ ижроси доирасида жорий йил маҳаллий “PETRO DRILLING” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилиган бурғилаш ишларида фойдаланиладиган бурғилаш долоталарини синов тажриба амалиётидан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун таъкидлаш жоизки, “PETRO DRILLING” МЧЖ 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳар хил турдаги тоғ-кон, металлургия ва бурғилаш-ишлов бериш маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Корхонанинг ишлаб чиқариш базалари Тошкент шаҳри, шунингдек Навои вилоятларида жойлашган бўлиб, умумий ҳисобда корхонада 20 дан ошиқ ишчи ходимлар фаолият юритиб келмоқда.

Корхона берган маълумотларига кўра, маҳсулотларнинг маҳаллийлаштириш кўрсатгичи 40 фоизга оширишга эришилган. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 200-250 дона долотани ташкил этади.

2021 йил ноябрь ойида Германиянинг Франкфурт-на-Майн шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Германия бизнес форуми доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ корхоналари эҳтиёжлари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида “PDC” бурғулаш долоталарини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ишлари олиб борилди.

2022 йил апрель ойида “Ўзбекнефтгаз” AЖ эҳтиёжлари учун сотиб олинадиган “PDC” долоталари импортини ўрнини қоплаш мақсадида уларни маҳаллий корхона “PETRO DRILLING” МЧЖ негизида ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи “Йўл харитаси” имзоланди. “Йўл харитаси”га асосан маҳаллий корхона томонидан “Ўзбекнефтгаз” AЖ корхоналарида тажриба синов ишлари учун бурғилаш долоталарининг синов партияси ишлаб чиқарилди.

Жорий йилнинг июнь ойида уч дона бурғилаш долоталари “Ўзбекнефтгаз” АЖ “Қуйи Сургил” конига қарашли 26-сонли қудуқда тажриба-синовини ўтказиш учун етказиб берилди.

Ўз навбатида маҳаллий ишлаб чиқариш корхонасига саноат тажриба синови доирасида сифат талабларига қатъий риоя қилиш бўйича кўрсатмалар берилиб, шу жумладан “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан билдирилган таклиф ва тавсияларни ўз вақтида ҳал этилиши юзасидан тегишли кўрсатмалар берилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан йилига ўрта ҳисобда 200-300 дона ёки тахминан 7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бурғилаш долоталари импорт қилинади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва маҳаллий корхона ўртасидаги маҳсулотнинг саноат тажриба синови муваффақиятли якунлангандан сўнг “Йўл харитаси” га кўра кейинги тадбирлар амалга оширилади.

Маълумот учун: “PDC” долоталари - сув, нефть, газ ёки геотермик қудуқлар учун қудуқларни бурғилаш учун илғор технологиялар ёрдамида ишлаб чиқарилган бурғилаш ускунаси ҳисобланади. “PDC” долоталарини ишлаб чиқаришда юқори қувватли пўлатдан фойдаланилади ва кесгичлар олмос поликристалли зарралари билан мустаҳкамланади. Кесгичларнинг катталиги пичоқлар сони ва долота куракларининг диаметрига боғлиқ.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|