"Хон Атлас" фестивали: Миллий мерос улуғланадиган тадбир
Жорий йилда Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган "Хон атлас" фестивали доирасида "Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги барча завод ва корхоналарда ҳам ҳафталик тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида фаолият юритаётган аёллар жамоаси тадбирда бетакрор миллий ўзбек атлас ва адрасидан тикилган ранг-баранг миллий либослар билан иштирок этди. Ҳар бир либос халқимиз маданияти, урф-одат ва анъаналари, маданий меросини ўзида мужассам этган бўлиб, уларни асраб-авайлаш ва намойиш этиш миллий анъаналарга бўлган садоқатимизни ифода этади.
Муборак газни қайта ишлаш заводи ходимлари ўз либосларида Бухоро ва Қашқадарё минтақаларига хос миллий нақшларни акс эттиришди.
Нефт базалар жамоаларининг турли рангларда миллий матолардан тикилган либослардаги иштироки тадбирнинг ажралмас қисмига айланди.
Шўртан газ кимё мажмуасида ишлаётган гўзал аёллар нафақат ўзбек либослари, балки миллий санъат ва урф-одатларга бўлган меҳрларини саҳна чиқишлари орқали ҳам намойиш этдилар.
Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳам миллий услубдаги либослари билан фестивал доирасидаги кўргазмаларда фаол қатнашди.
Ушбу ҳафталикда ходимлар ўртасида бирдамлик ва миллий ғурур туйғусини қўллаб-қувватловчи қизиқарли челленжлар ҳам ташкил этилди. Ҳар бир бошқарма ва завод жамоалари мазкур челленжларда катта иштиёқ билан иштирок этди.
Ушбу фестивал нафақат миллий матолар гўзаллиги ва маданий меросни асраб-авайлашга қаратилган, балки жамоалар ўртасида бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳам имкон берди.