“Ўзбекнефтгаз”: Иқтидорли талабалар учун IV-стипендиялар дастури ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди
Жорий йилнинг 7 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган бўлиб, Кенгаш томонидан айни пайтда ушбу йўналишда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Қарорда белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш доирасида “Uzbekistan GTL” заводи учун кадрлар тайёрлаш ҳамда иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида тўртинчи бор “Uzbekistan GTL” компанияси стипендиялар дастури учун ғолиблар сараланди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу стипендия дастури нефть ва газ соҳасида таҳсил олаётган билимга чанқоқ, истиқболли, аниқ мақсад сари интилувчан ёшларни ўз билим ва салоҳиятларини намоён қилишга имконият яратди.
Юртимиз олий таълим муассасаларинг 2 мингдан зиёд талабалари иштирок этган ва анкеталарни саралаш, ёзма ва оғзаки шаклдаги имтиҳонлар каби босқичларни ўз ичига олган танлов натижаларига кўра, 12 нафар талабалар "Uzbekistan GTL" компаниясининг 2022-2023 ўқув йили учун стипендиясига муносиб кўрилди.
Маълумот тариқасида эслатиб ўтамизки, 2019-2020 ўқув йили учун биринчи марта ўтказилган стипендия танловида 850 нафар, 2020-2021 ўқув йилида 1200 нафар, 2021-2022 ўқув йилида 1700 нафар талабалар қатнашишди. Кўриниб турибдики, йилдан-йилга талабаларнинг ушбу стипендия танловига қизиқишлари ортиб бормоқда. Ўтган йиллар давомида жами 34 нафар талабалар GTL стипендияси соҳибига айланди. Уларнинг аксарияти бугунги кунда “Uzbekistan GTL” заводида ўзларининг муваффақиятли меҳнат фаолиятларини олиб бормоқдалар.
Компания учун малакали ва тажрибали мутахассисларни тайёрлаш, заводни эксплуатация қилиш ва энг асосийси юқори сифатдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун кадрларни тайёрлаш, уларни ўз касбининг профессионали даражасида касбий ривожланишларига амалий чораларни кўриш Компаниянинг энг устувор вазифаларидан биридир.
Қўшимча равишда, танловда иштирок этган иқтидорли талабаларни қўллаб- қувватлаш мақсадида танлов комиссияси 16 нафар фаол иштирокчиларни ҳам махсус сертификатлар билан тақдирлашга ва уларга “GTL” заводида ишлаб чиқариш амалиёти ва компанияда малака ошириш, ҳамда кадрлар заҳирасига киритилиши белгиланди.
Жорий йилнинг 23 декабрь куни бўлиб ўтган ғолибларни тақдирлаш маросимида танловда ғолиб бўлган ва фаол иштирок этган талабаларни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим ва ўрта махсус таълим вазирининг ахборот технологиялари ва ёшлар бўйича ўринбосари, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ва Бухоро муҳандислик-технология институти ректорлари ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ вакиллари сўзга чиқиб танловда ғолиб бўлган ва фаол иштирок этган талабаларни табриклаган ҳолда ўқишларига ва нефть-газ соҳасидаги кейинги фаолиятига юқори марраларни қўлга киритишларига омад ва янги зафарлар тилашди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш