December 5

Маҳаллийлаштиришда яна бир муҳим қадам

Мамлакатимизда саноат кооперациясини кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳажмини ошириш ҳамда ишлаб чиқаришда инновацион технологияларни кенг жорий этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ҳам сектор корхоналари эҳтиёжига мос янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш борасида изчил чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.

Наманган вилоятидаги “Nam Motors Servis” МЧЖга ташкил этилган ташриф чоғида корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти, энергия тежамкор насослар линияси ўрганилди. Маҳаллийлаштириш доирасида Муборак ГҚИЗда мавжуд насосларни мазкур корхона ишлаб чиқараётган энергия тежамкор насосларга алмаштириш лойиҳаси муҳокама қилинди. Шу ўринда қайд этиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даврида Жамият томонидан “Nam Motors Servis” МЧЖ билан 23,5 млрд сўмлик энергия тежамкор насос асбоб ускуналарни сотиб олиш буйича шартномалар имзоланган. Лойиҳа амалга оширилиши натижасида йиллик 5,46 млрд сўм электр энергияси тежаш кутилмоқда.

Музокараларда шунингдек сунъий интеллект технологиялари асосида диагностика ва мониторинг тизимларини жорий этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Фарғона вилоятида фаолият юритаётган “Shturval” МЧЖда ҳам ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишув ўтказилди. Мазкур корхона фаоллаштирилган кўмир, силикагел, зеолит, алюминий оксиди каби кимёвий реагентлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибий корхоналарига етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кенгайтириб бормоқда.

Ташрифлар натижасида корхоналар ўртасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ходимларининг “Ўзбекнефтгаз” корхоналарида ўрганишлар олиб боришларини ташкил этиш, янги турдаги насослар ва кимёвий реагентларни ўзлаштириш бўйича амалий таклифлар тайёрлаш борасида келишувларга эришилди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ Ахборот хизмати