September 27

Фанлар академияси билан ҳамкорликда халқаро илмий-техникавий анжуман ўтказилади

O‘zbekcha Ruscha

Жорий йил 10-11 октябр кунлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Фанлар Академияси Умумий ва ноорганик кимё институти ҳамкорлигида "Нефт ва газни қайта ишлаш, кимёвий технология ва экология соҳасида коллоид кимёнинг ўрни" мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтади.

Академик Карим Аҳмедовнинг 110 йиллигига бағишланган мазкур тадбир, давлатимиз раҳбарининг 2022-йил 7 июлдаги “Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорига асосан, нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини халқаро миқёсида тарғиб этиш мақсадида ташкил этилмоқда. Анжуман доирасида фундаментал ва инновацион лойиҳалар муҳокама қилинади, шунингдек, ишлаб чиқариш ходимлари илмий-тадқиқот ишларига жалб этилади.

Тадбирда 100 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий мутахассис иштирок этиши кутилмоқда, шу жумладан Жанубий Корея, Мексика, Ҳиндистон, Хитой, Польша ва Россиядан нуфузли илмий ва таълим муассасалари вакиллари ҳам қатнашиш истагини билдирган.

Анжуман давомида илмий тезислар ва мақолалар муҳокама қилинади ҳамда уларнинг энг яхшилари республика ва нуфузли хорижий журналларда чоп этилади.

Анжуманда ўз тезислари билан қатнашиш истагини билдирган мутахассислар ва ёш олимлар жорий йилнинг 5 октябрга қадар талабнома шаклини тўлдирган ҳолда қуйидаги - [email protected] электрон почтаси ва @Colloid24 телеграм боти манзилларнинг бирига юборишлари мумкин.

Қўшимча маълумотлар учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ Инновацион фаолият бўлими (тел.:71 207-2772, ички 22-76) ва Умумий ва ноорганик кимё институти Нефт кимёси лабораторияси (тел.: 99 220-9726)га мурожаат қилиш мумкин.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати

web-sayt | instagram | telegram | youtube | facebook