August 9, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: 2 нафар мутахассис Кореядаги Аджу университетининг магистратурасида таълим олиш грантини қўлга киритишди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимларидан 2 нафари Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (КOICA) таълим дастури доирасида магистратура мутахассислиги бўйича таълим олиш имконини қўлга киритишди.

Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (КOICA) таълим дастури 2022-2024 йиллар учун Корея халқаро университетларида таҳсил олиш ҳуқуқини берувчи “Ўқув стипендияси” дастурини эълон қилди.

КOICA “Ўқув стипендияси” дастури ривожланаётган мамлакатлардаги бўлажак кадрларга Корея тажрибаси ва ривожланишдаги илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда уларнинг касбий ва академик кўникмаларини ривожлантиришга ёрдам бериш учун ноёб имкониятларни тақдим этишга мўлжалланган магистратура дастури ҳисобланади.

Танлов Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (КOICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ўтказилиб,унда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тизимидаги корхона ва ташкилотлардан 20 нафар ходимлар иштирок этишди.

Иштирокчилар беш босқичда сараланди. Дастлаб иштирокчиларнинг ҳужжатлари тўпланди. Сўнгра Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассислари томонидан инглиз тилидан суҳбат ҳамда инглиз тилида ёзма иш синов имтиҳонлари ўтказилди. Кейинги босқичда ушбу синов имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганлар Корея унверситетларининг профессор ўқитувчилари томонидан ҳам суҳбатдан ўтказилди.

Имтиҳон коммисиясининг қарорига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Капитал қурилиш ва таъмирлаш департаменти бош мутахассиси Зоҳид Турапов ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси технологик қурилма кузатувчиси Фаҳд Абдулваҳҳоб Кореянинг Сувон шаҳрида жойлашган Аджу университетида “Энергетика фани ва сиёсати” магистратура мутахассислиги бўйича таълим олиш грантининг ғолиби деб топилдилар.

– Имтиҳонларда 14 та давлатдан 20 нафар иштирокчи муваффақиятли ўтишди. Улар орасида мен ҳам борлигимдан хурсандман. Демак, Аджу университетида 14 та мамлакатдан келган касбдошларимиз билан ҳамсуҳбат бўламиз, бир-биримиз билан тажриба алмашиш имконига ҳам эга бўламиз, – дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси технологик қурилма кузатувчиси Фаҳд Абдулваҳҳоб.

Яна бир “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходими – Капитал қурилиш ва таъмирлаш департаменти бош мутахассиси Зоҳид Тураповнинг ҳам режалари катта. У Кореда замонавий илмларни мукаммал эгаллаб, пухта билимларини келгусида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ривож учун тадбиқ қилишни ният қилган.

“Ўзбекнефтгаз” Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|