February 22, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: Газ қазиб олиш барқарорлигини таъминлаш мақсадида хорижий компаниялар билан ишлар жадаллаштирилмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан қазиб олинаётган табиий газнинг қарийиб 96 фоизи сиқув компрессор станциялари орқали амалга оширилмоқда. Бугунги кунда жамият тасарруфидаги бошқарма ва заводларда 28 та сиқув компрессор станциялари ишлатилмокда.

Ушбу станциялардаги газ ҳайдаш агрегатларида турли русумдаги газ турбинали ва газ поршенли двигателлар ўрнатилган бўлиб, уларнинг сони 105 тани ташкил этади. Двигателлар Россиянинг “КМПО”, “ОДК”, Украинанинг “Мотор Сич”, АҚШнинг “General Electric”, “Solar turbines”, “Caterpillar” ва “Waukesha” компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш ва уни истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш учун компрессор станцияларини барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар доимий амалга оширилмоқда.

Станциялардаги газ ҳайдаш агрегатларида Россиянинг “КМПО” компаниясида ишлаб чиқарилган "НК-16", "НК-16/18СТД" русумли двигателлар 30 фоизини ташкил этади. Эҳтиёж туғилганда ушбу двигателлар “КМПО” компанияси билан шартномалар асосида капитал таъмирланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари бошчилигида департамент бошлиқларидан иборат делегациия “КМПО” компаниясида двигателларни таъмирлаш ва уларга сервис хизматлари кўрсатишни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Қозон шаҳрига хизмат сафарига боришди.

Қайд этиш жоизки, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва Россиянинг “КМПО” компанияси ўртасидаги ўзоқ йиллик ҳамкорлик давомида бир қанча лойиҳалар амалга оширилган. Хусусан, компания томонидан Муборак, Шўртан ва Устюрт ҳудудларида ишга туширилган сиқув компрессор станциялари учун газ ҳайдаш агрегатлари ва двигателлар етказиб берилган.

Ташриф кун тартибига кўра, дастлаб делегация аъзолари “КМПО” компанияси тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи музейда бўлишди. Бу ерда компаниянинг барпо этишидан то ҳозирга қадар ривожланиш тарихи билан танишдилар.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ делегациясини “КМПО” компаниясининг Бош директори Каримуллин Дамир Заудатович қабул қилди. Учрашувда икки томонлама амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида сўз борди. Шу билан бирга газтурбинали двигателларни капитал таъмирлаш муддатларини қисқартириш, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ишлаб чиқариш объектларида двигателларга сервис хизмати кўрсатишни ташкил қилиш, мавжуд техник-иқтисодий имкониятларни ўрганиб чиқиш бўйича музокаралар ўтказилди.

"Ўзбекнефтгаз" АЖ вакиллари “КМПО” компаниясининг ишлаб чиқариш иншоотларида газ турбинали двигателларни тайёрлаш, капитал таъмирлаш, текшириш ва синаш бўйича мавжуд технологик имкониятларни ўрганишди. Шунингдек, двигателларни тезкор етказиб бериш бўйича амалга ошириладиган жараёнлар билан ҳам танишдилар.

Музокаралар натижасида газтурбинали двигателларни таъмирлаш жараёнини жадаллаштириш ва уларнинг барқарор ишлатишни таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ишлаб чиқариш объектларида сервис хизматини ташкил этишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарма ва заводларидаги станцияларда газ турбинали двигателларга хизмат кўрсатувчи муҳандислар ва ишчи-ходимларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда мавжуд газтурбинали двигателлардан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш истиқболларини ўрганиш йўналишларида ҳам ишларни ташкил этиш режалаштириб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|