February 3, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: “Урга” сиқув компрессор станцияда қайта тиклаш-таъмирлаш ишлари бажарилди

Бош саҳифа Русский

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳузурида қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан ва Ҳукумат томонидан энергетика соҳасида юзага келган вазиятни барқарорлаштириш юзасидан ўтказилган мажлисларда қўйилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида табиий газ қазиб чиқариш технологик объектларининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ушбу чора-тадбирлар доирасида Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасининг “Урга” сиқув компрессор станциясини 400-сонли газ ҳайдаш агрегатида ишлатилиб келинаётган “Waukesha” 12V275GL русумли газпоршенли двигателни қайта тиклаш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Таъмирлаш ишлари Углеводородларни қазиб чиқариш департаменти ва бошқарманинг мухандис-техник ходимлари томонидан ишлаб чиқарувчи заводнинг йўриқномасига асосан амалга оширилиб, муваффақиятли ишга кўшиб юборилди.

Қайта тиклаш-таъмирлаш ишларини ўтказиш жараёнида газпоршенли двигателнинг тирсакли вали, мой сақлаш картерлари, маховик ва демпферлар ўрнатилиш жойлари тўлиқ кўздан кечирилди. Бир қанча турдаги зичлагичлар алмаштирилди, форкамера, свеча ва барча фильтрлари алмаштирилди, таъмирлаш жараёнида техник жиҳатдан мураккаб бўлган ҳисоблашлар ўтказилиб, созлаш ишлари олиб борилди.

Натижада газ ҳайдаш агрегатининг узлуксиз, бир меъёрда ишлаши таъминланишига ҳамда табиий газ қазиб олиш ҳажми қисқаришининг олдини олишга эришилди. Шунингдек регламент ишларини бажариш ва газ хайдаш агрегати фавқулодда аварияли ҳолатда тўхтаб қолган вақтда газ қисқаришини олдини олиш мақсадида қисқа муддатда ишга қўшиб юбориш учун захира агрегати билан таъминланди.

“Урга” сиқув компрессор станциясида 1-,2-,3- ва 4-сонли газ ҳайдаш агрегатларнинг ҳар бирининг қуввати кунига 470 минг кубометрни ташкил этади. Шунингдек ушбу станциянинг асосий вазифаси “Урга” конидан келаётган табиий газни самарали қазиб олинишига эришиш, паст босимли қудуқлардан келаётган табиий газнинг босимини ошириб, газни комплекс тайёрлаш қурилмасига барқарор ҳайдаш ва истемолчиларга етказиб беришдан иборатдир.

Маълумот учун: “Урга” сиқув компрессор станцияси Қорақалпоғистон Республика Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган. Станцияда 4 дона газ ҳайдаш агрегати мавжуд бўлиб, йилида 0,5 млрд куб метр табиий газни ҳайдаб бериш қувватига эга. Станция 2014 йилда АҚШнинг “Waukesha” ва “Cameron” компанияларида ишлаб чиқарилган газ ҳайдаш агрегатлари ўрнатилган ва ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|