September 13, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Харидлар жараёнини соғломлаштириш ва ягона харид сиёсатини йўлга қўйиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев топришиғига мувофиқ акциядорлик жамияти ва унинг тизим корхоналарида амалга оширилаётган харид жараёнларини мониторинг қилиш, ягона назорат тизимини ўрнатиш ҳамда мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этиш, шунингдек, харид жараёнларининг шаффофлиги ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Аввал айтиб ўтилганидек, Харидлар департаменти ходимларидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизим корхоналарида назорат тадбирлари ташкил этилган эди. Ташрифлар давомида жойлардаги харид бўлимлари ходимларининг фаолияти ва амалга оширилаётган харидлар ҳолати устидан мониторинг ўтказилиб, ўрганишлар бўйича зарурий чора-тадбирлар режаси тузиб олинди.

Шу муносабат билан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ марказий биносида Харидлар департаменти бошчилигида ўзаро ҳамкорликдаги ишларни ташкил этиш ва муаммоли масалаларни муҳокама қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Жамият таркибидаги завод ва бошқармалар, акциядорлик жамиятлари ҳамда масъулияти чекланган жамиятларнинг харид бўлимлари бошлиқлари иштирок этишди.

Йиғилиш кун тартибида дастлаб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизим корхоналарида амалга оширилаётган харид жараёнлари танқидий кўриб чиқилди ва назорат тадбирлари давомида аниқланган камчилик ва муаммоларга тўхталди.

Шундан сўнг амалга оширилаётган харидлар самарадорлигини янада ошириш, соғлом муҳитни ривожлантириш, харидлар шаффофлигини доимий равишда таъминлаш ва коррупцияга умуман йўл қўймаслик, ходимларнинг тажриба ва малакасини янада ошириш бўйича зарурий чоралар ва устувор вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда Харидлар департаменти бошлиғи ва мутахассислари томонидан тизим корхоналаридаги харид жараёнларида юзага келаётган муаммолар бўйича умумий тушунтиришлар бериб ўтилди.

Ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида, қонунчиликдаги ўзгаришлар, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги “Инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларнинг лойиҳаолди, давлат харидига доир тендер бўйича харид қилиш ҳужжатлари ва техник топшириқлар ҳамда шартномаларни экспертизадан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори шарҳлаб берилди.

Бундан ташқари, иштирокчиларга “Ўзбекнефтгаз” АЖ харидлар тизимидаги ўзгаришлар, бу борадаги ислоҳотлар, хусусан, Жамиятда ягона харид сиёсатини ташкил этиш ва харидларнинг ягона назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича Бошқарув раиси томонидан берилган топшириқлар бўйича ҳам маълумотлар берилди.

Жумладан, иштирокчилар 2022 йилнинг IV чораги ва 2023 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ хўжалик фаолияти учун зарур бўлган моддий-техник ресурслар ва хизматларнинг умумий рўйхати таништирилди. Корхоналарда харидларни амалга оширишдан аввал уларнинг йиллик эҳтиёжлар рўйхатига киритилганлигини текшириш ҳамда режадан ташқари харидларни амалга оширишдан аввал хариднинг мақсадга мувофиқлилигига эътибор қаратиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Харид жараёнларини амалга оширишдан олдин тизимдаги барча корхоналар билан ҳамкорликда эҳтиёжларни Жамият омборларидаги мавжуд захиралардан фойдаланган ҳолда таъминлаш чораларини ўрганиш, шу орқали такрорий харидларнинг олдини олишга келишиб олинди.

Йиғилиш давомида, ўтган ва жорий йилларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизим корхоналари томонидан эришилган натижалар билан биргаликда, харидларни амалга ошириш муддатлари ҳам танқидий таҳлил қилинди. Ишлаб чиқариш узлуксизлигини таъминлаш ҳамда углеводород хом-ашёсини қазиб чиқариш ва аҳолини табиий газ билан таъминлаш бўйича Жамият олдига қўйилган прогноз кўрсаткичларини ўз вақтида бажариш учун зарурий моддий-техник ресурслар ва хизматларнинг харид қилиш муддатларини қисқартириш ва уларни белгиланган муддатларда етказиб бериш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Харид жараёнларида коррупцияга умуман йўл қўймаслик, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, соғлом муҳитни ривожлантириш ва шаффофликни янада ошириш, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яратилган имкониятларни таъминлаш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.

Йиғилишда Харидлар департаменти томонидан Жамият ва унинг таркибий корхоналари ходимлари орасида “қонун доирасида ишлаш – энг самарали усул” ғоясини тадбиқ этиш ва ривожлантириш таклиф этилди.

Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ўтказилаётган харид жараёнлари бўйича эълонлар Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг расмий веб-саҳифасидан ташқари Харидлар департаменти томонидан ташкил этилган махсус телеграм канал (@ung_procurement) га ҳам жойлаб борилмоқда. Тадбиркорлар ушбу телегарм каналида кўрсатилган манзил орқали харид жараёнларида вужудга келган муаммолар ва таклифларини беришлари мумкин.

Йиғилиш якунида ҳар бир корхонанинг харид фаолиятини назорат қилиш ва мавжуд муаммоли масалаларни раҳбарият даражасида ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш учун департамент ходимлари орасидан масъул вакиллар ҳам тайинланди ва уларнинг вазифалари белгиланди.

Белгилаб олинган вазифалар ижросини таъминлаш, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва тезкор ҳал этиш ҳамда ходимлар орасида доимий тажриба алмашишни йўлга қўйиш мақсадида ойда бир маротаба ҳудудий корхоналарда йиғилишлар ташкил этиш орқали корхонанинг харид тизими ва ходимларнинг фаолиятини танқидий кўриб чиқишга келишиб олинди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|