February 15, 2023

“Ўзбекнефтгаз”: “Озодлик”нинг навбатдаги ёлғон рақамларига аниқлиқ киритилди

Бош саҳифа Русский

"Озодлик" суриштирувида гўёки 5 йилда "ERIELL" ва "Enter Engineering" компанияларига 35 млрд. долл. “тутқазилган”лиги таъкидланган.

Келинг бу қанақа сумма эканлигини бир бошидан кўриб чиқсак. Бироқ олдинга ўтиб айтиш керакки, бу сумманинг бир доллари ҳам бюджетдан кетмаган. Буни ихтиёримиздаги ҳужжатлардан аниқ кўриш мумкин. Шунингдек, аслида ушбу сумманинг тенг ярми “ҳаводаги”, “таги йўқ” маблағ. Нега бундай деяётганимизни қуйидаги фактларни ўқигач, тушуниб оласиз. Энергетика вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ маълумотлари таҳлили шуни кўрсатадики:

Биринчидан, суриштирувда 35 млрд. долларнинг 23,4 млрд. долллари "ERIELL" ва "Enter Engineering" компаниялари иштирокидаги 9 та лойиҳанинг умумий қиймати эканлиги айтилади.

Шу ўринда бир нарсага аниқлик қиритиб олиш керак, лойиҳа қиймати дегани бу шу лойиҳага албатта шунча пул сарфланади дегани эмас. Кўпинча, лойиҳа қиймати пудратчилар билан шартнома тузилгунга қадар аниқлаштирилади, оптималлаштирилади ва ҳақиқий шартнома қиймати лойиҳа қийматидан анча паст бўлади. Бу оддий нарса.

Шундай қилиб юқоридаги 9 та лойиҳанинг умумий қиймати аслида
17,6 млрд. доллар бўлиб, шундан ҳозирга қадар имзоланган шартномалар қиймати 14,9 млрд. долларни ташкил этган. Энди лойиҳаларнинг ҳар биттасини кўриб чиқсак:

1) “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конини ўзлаштириш лойиҳасида 2,9 млрд. долларлик ишлар бажарилиши кўзда тутилган, ҳозирга қадар эса амалда тузилган пудрат шартномалари қиймати1,73 млрд. долларни ташкил этади. Қолган ишлар бўйича ҳали шартнома имзоланмаган.

Молиялаштириш манбаси – инвесторнинг ўз маблағлари ва тўғридан-тўғри кредитлар, давлат кафолати берилмаган.

Инвесторлар билан Маҳсулот тақсимотига оид битим имзоланган.

2) Қоракўл эркин иқтисодий зонасини ва газ-кимё кластерини ташкил этиш лойиҳаси бўйича тузилган шартнома қиймати 3 млрд. доллар, молиялаштириш манбаси – инвесторнинг ўз маблағлари ва тўғридан-тўғри кредитлар, давлат кафолати берилмаган.

3) 2017-2021 йилларда углеводород хом ашёси қазиб олишни кўпайтириш бўйича дастур. Тузилган шартнома доирасида 2,3 млрд. доллар молиялаштирилган:

– 805 млн. доллар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ўз маблағлари;

– 710 млн. доллар давлат кафолатисиз "Газпромбанк" кредити;

– 585 млн. доллар давлат кафолати остида Ипак йўли жамғармаси (Хитой) кредити;

– 200 млн. доллар Молия вазирлиги фоизли қарз маблағлари.

Пудратчилар тендер асосида жалб қилинган.

4) “Шўртан газ кимё комплексининг тозаланган метан негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш ("GTL" заводи)” лойиҳаси умумий қиймати – 3,4 млрд доллар, молиялаштириш манбаси:

– 1,1 млрд. доллар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ўз маблағлари;

– 2,3 млрд. доллар хорижий кредитлар.

Тендер асосида пудратчи сифатида "Hyundai Engineering & Construction Co. Ltd.", "Hyundai Engineering Co. Ltd." (Жанубий Корея) ва "Enter Engineering Pte. Ltd." (Сингапур) консорциуми танланган. Пудрат шартномаси асосида улар томонидан бажарилган ишлар ҳажми 2,6 млрд. долларни ташкил этган. Қолган 800 млн. доллар маблағ лицензия ва ташқи инфратузилма объектларини қуриш харажатлари учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан сарфланган.

5) 2020-2030 йилларда нефть қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш дастури. Шартнома қиймати – 2,68 млрд. доллар, молиялаштириш манбаси – инвесторнинг ўз маблағлари ва тўғридан-тўғри кредитлар, давлат кафолати берилмаган.

6) Шўртан газ кимё комплексининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳасининг умумий қиймати – 1,8 млрд. доллар, молиялаштириш манбаси:

– 632 млн доллар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ўз маблағлари;

– 1,2 млрд. доллар давлат кафолатисиз хорижий кредитлар.

Шундан, пудрат шартномаси асосида бажариладиган ишлар ҳажми
1,3 млрд. доллар бўлса, “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг лицензия ва ташқи инфратузилма объектларини қуриш харажатлари – 500 млн. долларни ташкил этади.

Пудратчилар тўғридан-тўғри танланган.

7) “Газли” газни ер остида сақлаш иншоотининг ҳажмини ошириш ҳамда қўшимча геология ишларини бажариш лойиҳасининг шартнома қиймати 463 млн. доллар, молиялаштириш манбаси – инвесторнинг ўз маблағлари ва тўғридан-тўғри кредитлар, давлат кафолати берилмаган.

8)" Сечанкўл", "Оқжар" ва "Чимбой" инвестицион блокларида геологик қидирув ишларини олиб бориш ҳамда "Урга", "Оқчалоқ" ва "Чандир" гуруҳи конларида қазиш лойиҳасининг шартнома қиймати – 701 млн. доллар, молиялаштириш манбаси – инвесторнинг ўз маблағлари ва тўғридан-тўғри кредитлар, давлат кафолати берилмаган.

9) Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи модернизация қилиш лойиҳаси шартнома қиймати – 399 млн. доллар, молиялаштириш манбаси – инвесторнинг
ўз маблағлари ва тўғридан-тўғри кредитлар, давлат кафолати берилмаган.

Кўриниб турганидек, умумий қиймати 17,6 млрд. долларлик 9 та лойиҳанинг 6 таси инвесторларнинг 10,1 млрд. доллар маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Иккинчидан, суриштирувда дастлабки баҳоланган қиймати 11 млрд. доллар бўлган Атом электр станциясини барпо этиш лойиҳаси ҳам юқоридаги компанияларга бериб юборилган, деб ёлғон маълумот берилган. Чунки АЭС қуриш бўйича ҳали ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмаган.

Шу тариқа “Озодлик” суриштирувида тилга олинган 35 млрд. доллар маблағнинг тенг ярми, яъни умумий ҳисобда 17,4 млрд. доллар маблағнинг аслида “таги йўқ”.

Учинчидан, битта нарсани асло ёддан чиқармаслик керак. Нефть ёки газ конига доимий инвестиция киритиб турилмаса, олинадиган маҳсулот ҳажми йил сайин тушиб кетаверади. Шунинг учун бирор лойиҳа қилинса ва бунга хорижий ёки маҳаллий компания жалб этилса, бюджет пули “еб кетилди” деб нотўғри тушунмаслик керак.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|