“Ўзбекнефтгаз”: Иқтидорли мактаб ўқувчиларига “Uzbekistan GTL” стипендияси тайинланди
Жорий йилнинг 7 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилиб, унинг чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Ушбу тадбирлар доирасида 2022/2023 ўқув йилидан таълим кластери таркибига кирувчи профессионал ва олий таълим ташкилотларида нефть ва газ соҳаси бўйича таҳсил олаётган иқтидорли ўқувчилар ва талабалар учун ишлаб чиқариш корхоналари томонидан стипендиялар жорий этиш ҳам белгиланган.
Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг топшириғига кўра, маҳаллий ҳамда халқаро миқёсдаги турли фан олимпиадаларида қатнашган ва совринли ўринларга сазовор бўлган иқтидорли мактаб ўқувчиларини рағбатлантириш мақсадида 10 нафар мактаб ўқувчилари “Uzbekistan GTL” МЧЖ томонидан тақдирланди ҳамда уларга стипендия тўлаш жорий этилди.
Таълим кластери доирасида 2022 йилнинг 22-23 ноябрь кунлари давомида Ғузор туманидаги 68-сонли давлат ихтисослаштирилган умумий-таълим мактаб интернати ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун “Uzbekistan GTL” заводида ўтказилган экскурсия ҳамда соҳа фахрийлари билан ўтказилган учрашув давомида мактаб ўқувчиларининг билимлари синовдан ўтказилди. Танлов асосида 10 нафар юқори синф ўқувчиларининг ҳар бирига 3 миллион сўм миқдорида стипендия тўлаб борилиши тайинланди.
Аминмизки, ёш авлодга берилаётган бу каби эътибор, келгусида уларнинг ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб етишишларига ҳамда давлат ва жамият фаровонлиги йўлида куч-ғайратлари ва билим-салоҳиятларини сафарбар этишларига яна бир туртки сифатида хизмат қилади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|