“Ўзбекнефтгаз”: “Шимолий Шоди” конида газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси ва янги газ қувури қуриб ишга туширилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан конлардаги углеводородларни қазиб чиқариш ҳажмини ошириш ва газ қувурларидаги гидравлик қаршиликларни бартараф этиш борасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Хусусан, Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида ҳам табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш, янги бурғилашдан чиққан қудуқларни ўзлаштириш ва табиий газ ҳисобини алоҳида юритиш мақсадида “Шимолий Шоди” конида газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси ҳамда диаметри 168 мм.ли 4,3 км узунликдаги табиий газ қувури қуриб ишга туширилди.
Ушбу қурилма ва газ қувурининг ишга туширилиши натижасида “Шимолий Шоди” конидаги янги бурғилашдан чиққан 2-, ва 9-сонли қудуқлардан қазиб чиқарилаётган табиий газларни дастлабки тайёрлаб (табиий газ таркибидан қатлам сувлари, механик аралашма ва қисман газ конденсати ажратиб олиниб) “Хожисаят” йиғув пункти ҳамда “Денгизкўл” газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси газ коллектори орқали “Денгизкўл” конига узатиш имконияти яратилиб, “Шимолий Шоди” конидан кунлик қўшимча табиий газ қазиб чиқаришга эришилди.
Лойиҳани амалга оширишда сарф-харажатларни қисқартириш ва жамият пул маблағларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қурилиш-монтаж ишлари учун зарур бўлган барча аппарат, ускуна ва бошқа моддий-техник ресурслар бошқарманинг ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда ажратилди.
Қурилиш ишлари “Муборакнефтгаз-Қурувчи”нинг малакали қурувчилари томонидан амалга оширилди.
Маълумот учун: “Шимолий Шоди” газ конденсат кони Бухоро вилоятининг Олот туманида жойлашган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|