December 7, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи “OASIS” маълумотлар базасига киритилган Ўзбекистондаги илк корхона бўлади

Бош саҳифа Русский

Энди Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Ўзбекистон Республикаси тарихида биринчи марта “OASIS” маълумотлар базасига киритилади ва “Airbus”, “Honeywell”, “Lufthansa” ва бошқалар каби авиация соҳасида дунёнинг энг йирик компаниялари, жаҳондаги маҳсулот ишлаб чиқарувчилари билан бир хил рўйхатда бўлади.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизни жаҳон миқёсида танитиш, хорижий ҳамкорлар билан яхши муносабатларни ўрнатиш, муҳим ва стратегик вазифаларни ҳал этишда давлатимизнинг ролини ошириш, шунингдек, мамлакатимизни жаҳон миқёсида кенг тарғиб этиш ва инвестиция лойиҳаларига хорижий инвестициялар ва инвесторларни жалб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистоннинг қулай ҳудудий-географик жойлашуви ва салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимиз халқаро транзит хабга айланади, бу эса Жанубий-Шарқий Осиё ва Европа ўртасидаги улкан транзит оқимига кириш имконини беради.

Шу муносабат билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “Uzbekistan GTL”нинг синтетик хомашёсини қабул қилиш ва “Джет” маркали ярим синтетик авиация ёқилғиси ишлаб чиқариш имконини берувчи лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди. Бу авиация ёқилғиси ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва Ўзбекистоннинг миллий ва халқаро ҳаво кемаларини юқори сифатли авиаёқилғи билан узлуксиз таъминлаш имкониятларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Шу билан бирга, 2022 йилнинг 14 ноябридан 2 декабригача бўлган даврда заводда корхона бошқарув тизимининг “AS 9100D” (Сифат менежменти тизими. Сифатни бошқариш тизими. авиация, космик ва мудофаа ташкилотлари учун талаблар)га мувофиқлик бўйича сертификацион аудит ўтказилди.

Сертификатлаштириш аудити “DNV” (Det Norske Veritas) сертификатлаштириш органи томонидан Италиядан келган аудиторларни жалб қилган ҳолда “Management Certification” МЧЖ мутахассислари кўмагида ўтказилди.
Аудитнинг асосий мақсади сертификатлаштириш кўламини кенгайтириш ва “Джет А-1” авиаёқилғиси ва “Джет” ярим синтетик авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш ва сотиш билан боғлиқ бошқарув тизимининг мувофиқлигини баҳолашдан иборат эди.

Аудитнинг муваффақиятли натижаларига кўра, “DNV” сертификатлаштириш органи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини “ANAB” томонидан аккредитациядан ўтган ва жаҳон миқёсида эътироф этилган халқаро сертификат олиш учун тавсия қилишга қарор қилди.

Маълумот учун таъкидлаш жоизки, “ANAB” (ANSI Миллий аккредитация кенгаши) Шимолий Америкадаги энг йирик аккредитация органи бўлиб, 75 дан ортиқ мамлакатларда хизмат кўрсатади.

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи сертификатларни олгач, авиация ёқилғиси етказиб берувчи сифатида “OASIS” халқаро маълумотлар базасига киритилган ҳолда “International Aerospaсe Quality Group” (IAQG) Халқаро авиация сифати гуруҳининг тўлиқ аъзосига айланади. Завод Ўзбекистон Республикасининг “OASIS” маълумлотлар базасига киритилган ягона корхонаси бўлиб “Airbus”, “Honeywell”, “Lufthansa” ва бошқалар каби авиация соҳасида дунёнинг энг йирик компаниялари, жаҳондаги маҳсулот ишлаб чиқарувчилари билан бир хил рўйхатда бўлади.

Бу ютуқ, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг минтақадаги логистика маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга, мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга, янги инвестициялар оқимини жалб қилишга, “Ўзбекнефтгаз” АЖ кредит рейтингини оширишга ва унинг барқарорлигини мустаҳкамлашга ва мамлакатнинг жаҳон миқёсида тан олинишига бевосита таъсир қилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|