“Ўзбекнефтгаз” АЖ: Замонавий таҳдидларга қарши хавфсизлик чоралари
"Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимидаги тоифаланган объектларнинг хавфсизлигини таъминлашда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва қўриқлаш воситаларини жорий қилиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йил 11 сентябр куни “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда хавфсизликни таъминлаш ва замонавий таҳдидларга қарши курашиш доирасида учувчисиз учадиган қурилма (дрон)лардан ҳимояланиш бўйича семинар ташкил этилди. Тадбирда мажмуа раҳбарияти, хавфсизлик хизмати мутахассислари,
"Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги объектларни қўриқлаш бўйича масъул ходимлар ҳамда соҳадаги етакчи экспертлар иштирок этдилар.
Семинар давомида иштирокчиларга дронлардан келиб чиқиши мумкин бўлган хавф-хатарлар, уларнинг ишлаб чиқариш жараёнига ва объект хавфсизлигига таъсири ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, замонавий ҳимоя технологиялари ва махсус қурилмалар тақдимоти ўтказилди.
Мутахассислар дронларни аниқлаш, кузатиш ҳамда зарур ҳолларда уларнинг бошқарувини қўлга олиш имконини берувчи қурилмалар фаолиятини амалий тарзда намойиш этдилар. Бу ускуналар орқали объект ҳудуди устида рухсатсиз парвозларнинг олдини олиш, хавфсизлик чораларини янада кучайтириш мумкинлиги таъкидланди.
Семинар якунида қатнашчилар мавзу бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирдилар, хавфсизликни мустаҳкамлаш борасида қўшимча чора-тадбирларни белгилаб олишди.
Бу каби семинарларнинг мунтазам ўтказилиши ишлаб чиқариш жараёнлари барқарорлиги ва ходимлар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.