December 30, 2022

“Ўзбекнефтгаз”: 2022 йилда 5 та янги кон очилиб, 35,1 млрд куб метр табиий газ ҳамда 1,2 млн тонна суюқ углеводород захиралари яратилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида бир қатор самарали чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Ушбу мақсадларда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Энертегика, Молия, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирликлари ҳамда Давлат геология қўмитаси ва бошқа бир қатор идора ва ташкилотлар билан биргаликда, шунингдек “Schlumberger” каби етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорликда 2022 йил учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ геология-қидирув ишларининг кенг кўламли дастури ишлаб чиқилди ва амалга оширилди.

Дастур асосида жорий йил давомида 1840 кв.км рақамли 3Д сейсмик-қидирув ишлари бажарилди, 14 та янги майдонлар бурғилашга киритилди ва 45 та излов-қидирув қудуқлари қурилиш билан тугатилди.

Натижада 5 та янги – “Ниёз”, “Янги Алат”, “Қуйи Помуқ”, “Мойқудуқ” ва “Янги Тегирмон” газконденсат конлари очилиб, 35,1 млрд куб метр табиий газ ҳамда 1,2 млн тонна суюқ углеводород заҳиралари яратилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан бурғиланган қудуқларнинг ҳар биридан кунлик 800,0 минг куб метргача табиий газ, 25 куб метргача газ конденсати ҳамда 57,6 куб метргача нефть маҳсулотларини олишга эришилди. Қудуқларнинг 70 фоизи аллақачон ишлаб чиқариш тармоқларига уланиб, улардан қазиб олинаётган табиий газ маҳсулоти Республика аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларига етказиб берилмоқда, қолган қудуқларни улаш бўйича эса тезкор тадбирлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть ва газ геология-қидирув ишлари доирасидаги тадбирларни амалга оширишда, ўз фаолиятида босқичма-босқич янги технологияларни жалб этаётган маҳаллий корхона ва ташкилотлар ҳамда ҳорижий компанияларнинг хизматларидан самарали фойданилмоқда.

Жумладан, 2022 йилда маҳаллий корхоналарни жалб этиш орқали 30 дан ортиқ қудуқлардан керн намуналарини олиб чиқишда 100 фоизлик натижага эришилган бўлса, “ТНГ-Групп” хорижий команиясининг янги русумдаги замонавий тадқиқотларидан фойдаланган ҳолда 20 дан зиёд қудуқларда 4500 метр ва ундан ортиқ чуқур ер ости қатламларининг маҳсулдорлиги аниқланди ва улардан табиий газ маҳсулотлари олинди.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ геология-қидирув ишларини етук ва малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2022 йилда 30 дан ортиқ ёш мутахассислар Россиянинг Москва шаҳридаги амалиёт маркази, Пермь шаҳридаги Лукойл саноат зонаси, Қозоғистоннинг Нурсултон шаҳридаги “Schlumberger” моделлаштириш маркази ва Олма-ота шаҳридаги “Ernst & Young” ўқув курсларида қайта тайёргарликдан ўтказилди.

Жамият ёш геолог мутахассисларининг салоҳиятини доимий ривожлантириб бориш мақсадида уларнинг ҳар бири алоҳида ишлаб чиқариш объектларига бириктирилган ва улар ҳар ойнинг 10 иш кунини амалиётда ўтказишлари ташкил қилинган.

Ушбу амалий ишлар натижаси ўлароқ жамият геолог мутахассисларининг “ТНГ-Групп”, “SOCAR”, “Татнефть” ва “Paradigm” компанияларининг мутахассислари билан биргаликда геологик маълумотларини таҳлил қилиш ва қайта ишлаш ҳамда компьютер дастурларида рақамли комплекс моделлаштириш асосида “Янги Алат”, “Олтинкўл”, “Янги Тегирмон”, “Иймон” ва “Шимолий Урга” ва “Нортепа” каби 6 та янги истиқболли майдонлар аниқланиб, ҳозирда уларда янги қудуқларни бурғилаш ишлари орлиб борилмоқда.

2022 йилда эришилган ижобий натижаларнинг давомийлигини таъминлаш мақсадида ҳозирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бўйича 2023 йил геология-қидирув ишларининг дастури ҳам ишлаб чиқилиб, ўрнатилган тартибда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилди.

Дастурга асосан “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2023 йилда 20 та янги майдонларни бурғилашга киритиш, 160 минг метр излов-қидирув бурғилаш ишларини бажариш, 50 та излов-қидирув қудуқларини қурилиш билан тугатиш ва йил давомида 35,3 млрд куб метр табиий газ ҳамда 1,2 млн тонна суюқ углеводород заҳираларини кўпайтириш белгилаб олинди.

Бундан ташқари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликда бошқа давлатлар ҳудудида ҳам инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, “SOCAR” компанияси билан биргаликда Озарбайжоннинг қуруқлик ҳудудидаги “Калмаз”, “Карадаг”, “Сиязан”, “Терсдаллар” ва “Умбаки” каби нефть конларининг истиқболларини ўзлаштириш бўйича комплекс тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, “Қозоқгаз” компанияси билан биргаликда Ўзбекистон-Қозоғистон чегар ҳудудларининг нефтгазлилик истиқболларини баҳолаш, Туркманистон билан чегара ҳудудларининг истиқболларини ҳамда ушбу давлатнинг қуруқлик ва Каспий денгизидаги табиий газ конларини ўзлаштиришда иштирок этиш, уларда янги истиқболли ҳудудларни аниқлаш ва геология-қидирув ишларини амалга ошириш доирасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича дастлабки режалаштириш ва лойиҳалаштриш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаларида Республикада геология соҳасини ривожлантириш ва унинг барча бўғинларида ислоҳотларни олиб бориш, шунингдек бу борадаги келгуси 10 йиллик дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть ва газ геология-қидирув ишлари келгуси 10 йиллик дастурининг асосий кўрсаткичлари ҳам ишлаб чиқилди.

Унга кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2023-2032 йилларда табиий газнинг 365 млрд куб метр, суюқ углеводород хом ашёсининг эса 16 млн тоннадарн ортиқ янги заҳираларини топишга қаратилган, умумий қиймати 3,4 млрд долларга тенг нефть ва газ геология-қидирув ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ юқорида қайд этилган тадбирларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш натижасида Республика бўйича янгидан-янги табиий газ конларини топиш, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва саноат корхоналарининг ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилиш мақсад қилинган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|