"Ўзбекнефтгаз": Мутахассислар “SOCAR” компаниясининг экологик лойиҳалар тажрибасини ўрганишди
Озарбайжоннинг “SOCAR” компаниси таклифига биноан “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раисининг “HSE”, “ESG” ва барқарор ривожланиш бўйича маслаҳатчиси бошчилигидаги мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи Бокуга юборилди. Ушбу ташриф “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “SOCAR” компаниялари ўртасидаги нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган 2022 йил 5 июлдаги “Йўл харитаси”га мувофиқ амалга оширилди.
Ташрифдан мақсад CО2 эмиссияларини камайтириш, бурғилаш ва нефть лойиҳалари чиқиндиларини камайтириш, шунингдек омборлар сувини тозалаш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишиш.
"Ўзбекнефтгаз" АЖ ишчи гуруҳи ва “SOCAR” компаниясининг Экология бўйича вице-президенти Рафига Ҳусайнзода билан учрашуви ташкил этилди. Ишлаб чиқариш объектларига ташрифлар дастури, шунингдек, Европа эмиссия савдо тизими (Emission Trading System) доирасида эмиссияларни сертификатлаш ва сотиш дастури муҳокама қилинди.
Чиқиндиларни бошқариш марказига (Waste Management Center) ташриф буюрилди, ишлатилган бурғилаш қоришмаларини тозалаш ва қимматбаҳо мойлаш мойларини ажратиб олиш учун қўлланиладиган “Econ” компаниясининг қурилмалари ишлари ўрганилди.
Бурғилаш лойининг қаттиқ массасидан нефть маҳсулотларини олиш учун мўлжалланган декантер ва трикантер қурилмалари иш ҳолати ўрганилди.
Тагиев номидаги нефть кони ҳудудида қурилган эко-паркга ташриф буюрилди. Ушбу Эко-парк узоқ йиллар давомида интенсив дарахт экиш ва доимий парвариш қилиш орқали нефть билан ифлосланган тупроқни тиклаш имкониятини намойиш этади.
Расмий ташриф якунлари бўйича "Ўзбекнефтгаз" АЖ мутахассислари “SOCAR” билан ўрганилган йўналишлар бўйича келгусида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олдилар.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш