“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги АЁҚШларда сотилаётган нефть маҳсулотлари доимий назоратда
“Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги барча корхоналар синов лабораторияларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Мувофиқликни баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш ва синов лабораториялари комплексини ривожлантириш тўғрисида” 2019 йил 15 августдаги ПҚ–4419-сон Қарорига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг “Синов лабораторияларини техник жиҳатдан малакалилигини маъқуллаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 2020 йил 28 июлда 456-сон қарорида белгиланган тартиблар бўйича ишлар ташкил этилган.
Хусусан, марказий синов лабораторияларида стандартларга мос равишда таҳлиллар олиб боришда автоматлаштирилган тизим жорий қилинган бўлиб, ушбу тизим ўтказилаётган таҳлиллар натижаларини умумий базада жамлаш, маҳсулотлар сифатини оператив назорат килишда муҳим омил бўлиб ҳисобланади. Бундан ташқари, Марказий синов лабораторияларда таҳлиллар ўтказишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилиниши натижасида, сифат назорати билан бирга ўлчашлар аниқлиги оширилишига эришилди.
Ушбу лабораторияларда нефть маҳсулотларининг таркиби таҳлил қилиниб, сифатини назорат қилиш доимий равишда белгиланган талаблар асосида олиб борилади.
Шунингдек, "Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги ҳар бир АЁҚШ ўз мижозларининг талаб ва таклифлари асосида иш олиб боради уларнинг мурожаатларини эътиборсиз қолдирмайди.
Яқинда BASTION телеграм каналига Андижон шаҳар Бўстон даҳасидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида сифатсиз бензин сотилаётган танқид қилинган мурожаат жойланди. Унда ҳайдовчи автомобилида юзага келаётган муаммога АЁҚШда сотилаётган бензиннинг сифатсиз эканлиги сабаб бўлаётганлиги ҳақида сўз юритган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг махсус ишчи гуруҳи томонидан мурожаатчи билан телефон орқали боғланилганда ҳайдовчи мурожаат эълон қилингандан 35 кун аввал Андижон вилояти Андижон шаҳридаги М.Тикланиш кўчасида жойлашган “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги 58-сонли АЁҚШдан ёқилғи қуйганлиги қайд этди. Шунингдек, унинг маълум қилишича, ҳайдовчи ушбу АЁҚШнинг доимий мижози эмас.
Шуни таъкидлаш жоизки, Республикамизда бензин сотиш билан фақат “Ўзбекнефтгаз" АЖ шуғулланмайди. Хусусий тадбиркорлар ва хорижий нефть компаниялари ҳам аҳоли истеъмолини қондириш учун автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали ўз хизматларини амалга оширишади. Уларда сотилаётган бензин сифатини назорат қилиш эса “Ўзбекнефтгаз” АЖ ваколатига кирмайди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари томонидан мурожаатда келтирилган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасидаги сиғимларда сақланаётган АИ-92 русумли автобензин сифатини аниқлаш учун тоза намуналар олиниб текширилганда, давлат андозаси талабларига мос келганлиги аниқланди.
2023 йилнинг 9 феврал куни "UNG Petro" МЧЖ директори вазиятни ўрганиш, истеъмолчиларни талаб ва истакларини билиш мақсадида Андижон шаҳридаги "Андижон 58" АЁҚШга борди. АЁҚШ ишчи ходимлари ва истеъмолчилар билан суҳбат ўтказди.
Шу ўринда яна бир бор “Ўзбекнефтгаз” АЖга оид қонун бузилиш ҳолатларга гувоҳ бўлганлардан (71) 233-28-88 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишлари сўралади.
Шунингдек, бундай ҳолларда мурожаатчининг нефть маҳсулотларининг миқдори ва сифатли сақланишини таъминлаш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга оширувчи - “Ўзнефтгазинспекция”сига мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги маълум қилинади.
"Ўзбекнефтгаз" АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш