“Ўзбекнефтгаз” АЖ илк бор ESG рейтингини олди
“Sustainable Fitch” халқаро рейтинг агентлиги “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) йўналишларидаги фаолиятини комплекс ўрганиб, компанияга илк ESG рейтингини тақдим этди.
Мазкур рейтингнинг берилиши Жамиятнинг ушбу йўналишда амалга ошираётган ишлари “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили”га ҳамоҳанг эканини кўрсатади.
Агентлик хулосаларига кўра, “Ўзбекнефтгаз” АЖ “3” ва 50 балл даражасидаги ESG рейтингига лойиқ деб топилди. Бу нефт-газ саноати учун юқори натижа ҳисобланиб, компаниянинг барқарор ривожланиш, экологик масъулият ва бошқарув самарадорлиги борасидаги изчил ислоҳотларини акс эттиради. Соҳага экологик талаблар юқори бўлган бир шароитда бундай баҳо “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг барқарор бизнес модели сари дадил қадам ташлаётганини ифодалайди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, ESG рейтинги “1” (энг юқори) дан “5” гача бўлган беш поғонали тизим асосида баҳоланади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ олинган натижани корпоратив барқарорлик стратегиясини янада такомиллаштириш йўлидаги муҳим босқич сифатида баҳолайди. Келгусида компания рейтинг даражасини сақлаб қолиш, янада мустаҳкамлаш ҳамда халқаро ҳамкорлар ишончини ошириш бўйича ишларни давом эттиради.