June 22, 2022

“Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2021 йил учун тузилган молиявий ҳисоботига “Ernst & Young” халқаро компанияси томонидан ижобий аудиторлик хулоса берилди

Бош саҳифа Русский

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев томонидан олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида, жаҳондаги йирик тўртта аудитор-консалтинг компанияларидан бири ҳисобланган, “Ernst & Young” компанияси томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2016–2020 йиллардаги ҳисоботи учун ижобий аудиторлик хулосалари берилган эди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисоботнинг тузиш ва уни аудитдан ўтказиш бўйича яна бир ютуққа эришди.

Мамлакатимизнинг ёқилғи-энергетика ва газ-кимё соҳасида етакчи ҳисобланган “Ўзбекнефтегаз” АЖ ўз тарихида ва республикадаги йирик ишлаб чиқариш компаниялари ичида биринчилар қаторида МҲХС асосида 2021 йил учун тузилган тўлиқ консолидациялашган молиявий ҳисоботига “Ernst & Young” аудиторлик компаниясидан, хорижий кредитор ва инвесторлар томонидан белгиланган муддатлардан олдин, ижобий аудиторлик хулосаси олинди.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йил учун МҲХС асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва аудитдан ўтказиш йўналишидаги ишлар “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви Раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан 2021 йилнинг ноябр ойида бошлаб юборилган эди. Жамият ходимлари томонидан жорий йилнинг март ойи охиригача МҲХС асосидаги консолидациялашган молиявий ҳисобот лойиҳаси тайёрланди ва май ойининг бошларида “Ernst & Young” аудиторлик компанияси мутахассислари томонидан текшириб чиқилди. Ўз навбатида аудиторлик компаниянинг мутахасисслари ҳам жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб аудиторлик амалларини бошлаб юборишди ва июнь ойининг бошларида тўлиқ тугатишди.

Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари асосида тузилган мазкур ҳисобот ва аудиторлик хулосаси жаҳондаги нуфузли рейтинг агентликлари: “Fitch Ratings”, “S & P Global Ratings” ва “Moody’s”, йирик хорижий банклар “City Bank”, “Mitsubishi UFJ Financial Group”, “JPMorgan Chase & Co”, “China Development Bank”, “Газпромбанк”, “ВЭБ.РФ” ва бошқалар потенциал хорижий инвесторларга, халқаро консалтинг ва юридик компанияларга ҳам тақдим этилди.

“Ўзбекнефтегаз” АЖ раҳбарияти томонидан олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида, МҲХС асосида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун тузилган оралиқ консолидациялашган молиявий ҳисобот бўйича “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси томонидан ижобий аудиторлик шарҳи (хулосаси) 2021 йилнинг 24 октябрида, яъни белгиланган муддатлардан 10 кун олдин олинган эди.

Эслатиб ўтиш лозимки, 2021 йилнинг 29 сентябрь ва 22 октябрида жаҳон миқёсида кўпчилик йирик инвесторлар тан оладиган “Fitch Ratings” ва “Standard & Poors Global Ratings” халқаро рейтинг компаниялари томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖга “ВВ-“даражасида “барқарор” прогнози билан кредит рейтинги тақдим этилган эди.

МҲХС асосида 2021 йил учун эълон қилинган консолидациялашган молиявий ҳисобот ва ижобий аудиторлик хулосаси ушбу рейтинг даражасини сақлаб қолиш ва юксалтиришда муҳим ахборот манбаи бўлиб хизмат қилади. Зеро, хорижий йирик инвесторлар учун маълумот манбаи бўлиб, аввало МҲХС асосида тайёрланган ва жаҳон миқёсидаги “катта тўртлик”га кирувчи аудиторлик компаниясининг ижобий аудиторлик хулосасига эга бўлган молиявий ҳисобот саналади.

Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари асосида 2021 йил учун консолидациялашган молиявий ҳисоботи учун “Ernst & Young” халқаро аудиторлик компанияси томонидан ижобий аудиторлик хулосаси мавжудлиги “Ўзбекнефтегаз” АЖ томонидан кейинги ютуқларга эришиш, шу жумладан халқаро фонд бозорларида ўз акцияларини жойлаштириш муҳим туртки бўлиб хизмат қилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш

|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|