April 14

Халқаро инвесторлар ва молия институтлари билан учрашувлар ўтказилди

2025 йилнинг 9–10 апрель кунлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ делегацияси Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби ва Дубай шаҳарларида бўлиб, қатор халқаро ҳамкорлар ва инвесторлар билан учрашувлар ўтказди.

Ташриф доирасида халқаро банклар, институционал инвесторлар, шунингдек, йирик компания вакиллари билан юзма-юз музокаралар олиб борилди.

Мулоқотларда БААнинг етакчи молия ва инвестиция ташкилотлари — “Abu Dhabi Investment Authority” (ADIA), “First Abu Dhabi Bank”, “Abu Dhabi Commercial Bank”, “Abu Dhabi Fund for Development” (ADFD), “Mashreq Capital”, “Market Securities”, “Arqaam”, “BHM Capital” ҳамда “Brevan Howard” каби нуфузли компаниялар вакиллари иштирок этдилар.

Мазкур мулоқотлар чоғида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, йирик инвестиция лойиҳалари, молиявий барқарорлик кўрсаткичлари ҳамда келгусидаги стратегиялар бўйича батафсил маълумот берилди.

Шу билан бирга, томонлар соҳадаги долзарб янгиликлар, глобал бозордаги тенденциялар ва истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашдилар.

Бундай мулоқотлар “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг халқаро молия бозоридаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва узоқ муддатли ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Ахборот хизмати