Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан 2,1 млрд сўмлик ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Қашқадарё вилоятида бўлиб ўтган ҳудудий саноат ярмаркада “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг тизим корхоналари ягона корпоратив стенд билан иштирок этиб, соҳада маҳаллийлаштириш ва кооперацияни ривожлантириш масалалари бўйича тақдимот ўтказди.
100 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчи иштирок этган тадбир давомида 300 дан зиёд импорт ўрнини босувчи маҳсулот ва хизматлар намойиш этилди. Мутахассислар нефтгаз ускуналари, механик асбоб-ускуналар, назорат-ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар ва полимер маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишларидаги истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилдилар.
Ярмарка якунлари бўйича жамият томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан 2,1 миллиард сўмлик 9 та ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, 2026 йил учун жамият эҳтиёж рўйхати қайта кўриб чиқилиб, умумий қиймати 241,8 миллиард сўмлик 148 та товар ва хизматлар бўйича буюртмалар шакллантирилди.
Шу билан бирга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан тузилган келишувлар орқали импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар улушини ошириш, ишлаб чиқаришдаги харажатларни қисқартириш ва ички бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга замин яратилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, янги технологияларни жорий этиш ва маҳаллий тадбиркорлар билан узвий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда.