“Ўзбекнефтгаз”: Таълим муассасаларининг ўқув дастурлари корхоналар талаблари асосида қайта кўриб чиқилмоқда
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил 7 июлда “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-309-сон қарор имзоланди.
Ушбу қарордан кўзланган асосий мақсад нефть ва газ саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, мазкур соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, кадрларни ўқитишнинг усул ва шаклларини такомиллаштириш орқали таълим сифати ҳамда меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри тадбиқ этишдан иборатдир.
Мазкур Қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида таълим муассасаларининг ўқув режа ва фан дастурларини кадрлар буюртмачилари талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғи билан ишлаб чиқариш корхоналарининг малакали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Ушбу ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда профессор-ўқитувчилар томонидан таълим муассасларининг ўқув жараёнини ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан интеграция қилиш мақсадида қуйидаги ишларни амалга оширишга киришилган:
• таълим муассасаларининг ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқариш корхоналарининг талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда улардаги фан ва мавзуларни амалиётга йўналтириш чораларини кўриш;
• ўқув режаларидаги фанлар сонини номутахассислик фанлар ҳисобига босқичма-босқич камайтириш ҳамда талабаларда мустақил таълим олиш кўникмаларини шакллантириш;
• таълим муассасаларининг мутахассисликлари (йўналиш, касб) бўйича хорижий тилларда ўқитиладиган мутахассислик фанлари улушини ошириш;
• фан дастурлари мазмунини кадрлар буюртмачилари талаблари ва хорижий тажриба асосида такомиллаштириш;
Айни пайтда ишчи гуруҳ Таълим кластерига киритилган Бухоро нефть ва газ саноати коллежи, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Тошкент кимё-технология институти, Тошкент давлат техника университетига ташриф буюрган ҳолда профессор-ўқитувчилар билан биргаликда ўқув режа ва фан дастурларини ўрганиб, ўзларининг аниқ ва асосланган таклифларини ишлаб чиқишмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
#нефть#газ#энергия#скважин#инвестиция#добыча#углеводород#экономика#завод#нефтебаза#қудуқ#кон#иқтисод#аёқш
|web-sayt|facebook|instagram|telegram|vk.com|YouTube|twitter|